Умарали Раҳмоналиев Рашид Раҳимов билан муносабати, қайси клублардан таклиф борлиги ва "Рубин"даги келажаги ҳақида интервью берди
Россиянинг “Рубин” клубида фаолият олиб бораётган ҳамюртимиз Умарали Раҳмоналиев атрофида охирги пайтларда турли гап-сўзлар тарқалмоқда.
Гап шундаки, легионеримиз ўтган мавсумда кам ўйин ўтказди ва бу футболчимизни қониқтирмаслиги табиий. Россия Кубогида 5 та, премьер-лигада эса 2 та ўйинда майдонга тушди.
Ҳозирда легионеримизга янги таклифлар бор ва унинг “Рубин” билан хайрлашиш эҳтимоли ортиб бормоқда.
Sports.uz журналисти эса вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Раҳмоналиев билан суҳбатлашди.
- Умарали, 2024 йил сизда нимадан қониқдингиз ва нимадан қониқмадингиз?
- Худога шукр, 2024 йил ҳар томонлама баракали ўтди. Тарихда биринчи марта Олимпиада иштирок этдик. Қониқмаган нарсам ҳар жиҳатдан янада яхшироқ натижага эришсак бўларди. Нафақат жамоавий, балки шахсий фаолиятимда ҳам. Ўйлайманки, ҳаммаси яхшиликка. 2024 йилда эришилмаган ютуқларга бу йил эришишга бор куч ва матонатимни сарфлайман.
- Охирги пайтларда сиз ва Рустам Ашурматовни "Рубин"даги тақдирингиз муҳокама қилинмоқда. У ердан кетишингиз ҳақиқатми?
- Бу масала “Рубин” жамоасида ўйин амалиётим кам бўлаётгани учун юзага келмоқда. Ҳозирча бир нарса дейиш қийин. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
- Бош мураббий Рашид Раҳимов билан муносабатингиз қандай? У сизга имконият беришига ишонмайсизми?
- Рашид Маматқулович билан ҳар томонлама муносабатларим яхши. Лекин учрашувларда буни акси кузатиляпти. Одамгарчилик юзасидан бир-биримизга бўлган муносабат жуда яхши.
- Сизга Австралия, Туркия каби чемпионатлардан таклифлар борлиги ҳақида гапиришяпти. Аслида ҳам шундайми? Қайси клубдан аниқ таклиф бор?
- Ҳа, бу гаплар рост. Қизиқишлар бўлмоқда. Ҳамма яхши билади, жамоани ўзгартиришда фақат менга ёки сотиб олмоқчи бўлган клубга боғлиқ эмас. Ҳар томонлама келишувга эришиш ва ҳар жиҳатдан рози бўлиши керак. Ҳозирда Австралиянинг “Сидней” ва Туркиянинг “Бодрумспор” клубидан қизиқиш борлигини агентлар айтишмоқда. Ҳозир бу борада иш олиб бориляпти. Худо хоҳласа, хайрли бўлишини кутамиз. Яна таъкидлаб ўтмоқчиманки, ҳозир мен “Рубин” футболчисиман. Бу масалаларни жамоам ҳал қилади. Сабаби, “Рубин” билан амалда шартномам бор.
- "Рубин" ва Россия футболига мослашишда сизни қийнаган жиҳат нимада бўлди?
- Охирги йилда аксинча жамоада ўзимни ҳар тарафлама жуда яхши ҳис қилдим. Ички муҳитда ҳам ва майдонда ҳам. Фақатгина буни майдонда кўрсатишим учун ўйин амалиёти етишмади.
- Сир бўлмаса, хизматингизга ўзимиздан ҳам таклифлар бўляптими?
- Ўзимиздан охирги икки йилдан бери жуда кўплаб клублар қизиқаётгани барчага сир эмас. Яхши ниятда мақсадимизга эришиш учун иложи борича ортга қайтмоқчи эмасман. Бу манманлик ёки кибр эмас. Худо хоҳласа, мақсадларимизга етишиш учун ҳамма яхши вариантлар кўриб чиқилади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар