Умид Аҳмаджонов ҳамда махсус ишчи гуруҳнинг Қарши шаҳрига ташрифи давом этмоқда

Айни пайтда Қашқадарё вилоятида махсус ишчи гуруҳ билан бўлиб турган ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Қарши олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаб интернатига ташриф буюрди.

Умид Аҳмаджонов у ерда спортчилар учун яратилган шароитлар, уларнинг овқатланиш рациони, ётоқхонаси, спорт иншоотлари, машғулотлар майдонларини кўздан кечирди.

Жумладан, ЎФА 1-вице президенти спортчиларнинг овқатланиш тизимини танқид остига олиб, спортчилар жисмонан бақувват бўлишлари учун калорияси кўпроқ овқатлар берилиши кераклигини таъкидлаб ўтди. Бу борада махсус кўрсатмалар берди.

Қарши шаҳар Олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаб интернатида янги барпо этилган, ўлчами 50 метрга 25 метр (50х25) бўлган сузиш ҳавзаси билан ҳам яқиндан танишилди. 

Умид Аҳмаджонов спорт мутасаддилари билан суҳбатлашар экан, Давлатимиз раҳбари томонидан Олимпия захиралари коллежларининг самарали ишлаши учун миллиардлаб маблағ ажратилаётганини, ушбу маблағларнинг мақсадли сарфланишини жиддий назорат қилиш ҳамда уларни тўғри йўналтириш барча учун бирдек муҳим ва аҳамиятли мажбурият эканини таъкидлади.

Зеро, Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице Президенти айтганидек, “Миллий олимпия қўмитаси юритаётган сиёсат, олиб бораётган ислоҳотларга кўра юртимиздаги Олимпия захиралари коллежлари терма жамоаларимиз учун асосий база сифатида хизмат қилиши керак".