"Уни 8 ёшидан бери оиламиз билан қўллаб келяпмиз" - Рубин Хебайнинг дадаси Андижонда нима ҳайрон қолдиргани, ўғлининг юртимиздаги фаолияти ва кўпроқ голлар уриши ҳақида
Бу йил Ўзбекистон чемпионатига янги легионерлар келди. Улардан бири “Андижон” шарафини ҳимоя қилаётган албаниялик ҳужумчи Рубин Хебай. У 5 та голи билан тўпурарлар орасида боряпти. Аллақачон мухлисларнинг меҳрини қозонди ва ишончни оқлаш йўлида ўзидаги иқтидорни намойиш эта бошлади. Чемпионатимиздаги албаниялик илк легионер ўзи учун янги мамлакат ва янги муҳитга мослашиши қийин кечгани йўқ. Чунки жамоадагилар ҳам уни ҳамма вақт қўллаб-қувватлашяпти.
Бир неча кун олдин Рубин Хебайнинг ота-онаси, унинг оила-аъзолари юртимизга келишди. Улар айни пайтда Андижонда бўлиб туришибди ва ўғлини яқиндан қўллаб-қувватламоқдалар. Фурсатдан фойдаланиб, Рубиннинг дадаси Ридван Хебайга бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.
- Жаноб Ридван, юртимизга хуш келибсиз. Дастлабки таассуротларингиз қандай?
- Катта раҳмат. Дастлабки таассуротларим ажойиб. Одамлар ҳам, шаҳар ҳам жуда ажойиб.
- Ўғлингиз Рубин қисқа вақт ичида мухлисларнинг меҳрини қозонди. Унинг янги жамоасидаги фаолиятини қандай баҳолайсиз?
- Бундан жуда ҳам хурсандман. Менимча, у яхши ҳаракат қиляпти ва шу йўсинда давом этади.
- Футболчи бўлишни ўзи истаганми ёки бу аввало сизнинг хоҳишингиз билан боғлиқмиди?
- Бу унинг қарори эди. 8 ёшидан бери оиламиз билан уни бу йўлда қўллаб келяпмиз.
- Оилада ундан ташқари яна бошқа футболчи ҳам борми?
- Менинг кичик ўғлим 21 ёшда ва унинг исми Раул. У ҳозирда университетда таҳсил олади, лекин футбол ўйнамайди.
- Ўзингиз қандай иш билан шуғулланасиз?
- Мен қурилиш соҳасида ишлайман.
- Рубин охирги 3 та учрашувда 5 та гол урди. Чемпионат охиригача яна нечта гол уради, деб айта оласиз?
- Умид қиламанки, у қўлидан келганича кўпроқ голлар уриб, жамоасининг яхши натижаларга эришишига ҳисса қўшади.
- Андижон шаҳрини айландингизми? Сизга ёқдими? Аввало нима ҳайратга солди?
- Ҳа, бу ерда атиги бир неча кун бўлганимизга қарамай, жуда кўп жойларга боришга муваффақ бўлдик. Мени ҳайратга солган нарса — бу ерда жуда тинч, одамларнинг сокин табиати ва ҳурмат-эътибори бўлди.
- Дарвоқе, “Андижон” жамоасининг ОКМКга қарши учрашувини стадионда кузатдингиз. Фикрингиз қандай?
- Ўйлашимча, жамоа мағлубиятга лойиқ эмасди. Мен ҳар бир учрашувни уйдан туриб томоша қиламан. Охирги учрашувда яхши ўйнаб туриб, мағлубиятга учрашди. Лекин уларга келгуси учрашувларда омад тилайман ва уларнинг ҳолати яхшиланишига умид билдираман.
- Албания матбуоти ҳам Хебай ҳақида ёзяпти. Умуман айтганда, юртингизда ўғлингиз ҳақида нима дейишяпти?
- Улар ўғлим ҳақида болалигидан бери доим ёзишади ва очиғини айтсам, мен бунга ўрганиб ҳам қолганман. Гол урсанг, сен ҳақингда ёзишлари табиий ҳолат. Ўғлим у ерда бўлмаса ҳам, уни эслаб туришгани жуда ҳам ёқимли.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар
Албаниялик мех,мон к,айси тилда су'злашдингиз турк тилида су'злашдингизми