Усмон Тошев: “Истасак ҳам, истамасак ҳам Куперга вақт зарур”
Ads

Миллий терма жамоамиз Эктор Купер бошчилигидаги иккинчи ўйинини Эронга қарши ўтказганидан хабарингиз бор. Сурияга қарши дастлабки учрашувда 1:1 ҳисобини қайд этган вакилларимиз бу сафар эронликларга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Шу тариқа мазкур учрашув Купернинг биринчи мағлубиятига айланди. Аста-секин янги мураббийнинг иши ва жамоа ўйини борасида билдириладиган фикрлар пайдо бўляпти. Эронга қарши беллашувдан сўнг тажрибали мутахассисларимиздан бири Усмон Тошев ўз муносабатларини билдирди.

- Терма жамоамизнинг ўтказган иккала ўйини ҳам ҳар хил бўлди. Барибир биринчи учрашувда йигитларимизда ҳаяжон кўпроқ эди. Вакилларимизнинг Эронга қарши учрашувини стадионда кузатдим. Гарчи бу ўйинда мағлубиятга учраган бўлсак-да, терма жамоамизнинг кўрсатган ўйини менга ёқди. Биринчи учрашувга нисбатан ҳимояда анча тартибли ўйин намойиш этишди. Тўпни йўқотиб қўйган пайтимизда ҳам футболчиларимиз жой-жойида бўлишди, эсанкираб қолишмади. Умумийси, жамоамиз ўйинида тартиб кўзга ташланяпти. Бир нарсани унутмаслик керакки, уй қурганда аввало унинг пойдевори яратилади ва шунга қараб уй барпо этилаверади. Миллий терма жамоамизни ҳам шунга ўхшатишимиз мумкин. Менимча, жамоамиз шаклланишни бошлади. Бунда эса албатта мураббийнинг маҳоратини алоҳида айтиб ўтишни истаган бўлардим. Келганига эса ҳали кўп бўлмади. Шунингдек, терма жамоамиздаги аксарият футболчиларимиз яхши жамоаларда тўп суришади. Терма жамоамиз Купер бошчилигида тўғри йўлда. Ҳар холда футболчиларимиз жой-жойида ўйнашяпти. Шундан келиб чиққан ҳолда аста-секин имкониятлар, хавфли вазиятлар, дарвозалар томон зарбалар ва шундан кейин голлар ҳам бўлади. Лекин бунгача сабр қилишимиз керак.

- Эронга қарши учрашувда асосий муаммоимиз нимада бўлди?

- Муаммоимиз йўқ. Аслида муаммо нимада биласизми? Ғалаба қозонишда. Аслида эса қанақа муаммоларимиз бор, уларнинг икир-чикиригача мураббийларимиз билишади. Менимча, у қадар катта муаммо йўқ. Ҳарқалай футболчиларимиз бир-бирларини яхши тушунишади. Улар ҳаммаси биргалашиб, мураббийнинг янги тактикаларини қўллашга ҳаракат қилишмоқда. Аммо бу қанча вақт олади? Бир ойми, икки ойми ёки иккита ўйинми, ҳаммасини вақт кўрсатади. Муҳими, бизда маҳоратли мураббий бор. Биласизми, ўзи футболда оддий бир жамоани ютишнинг ўзи муаммо саналади. Аслида ғалабани сиз ҳам, мен ҳам хоҳлаймиз. Мана шунинг ўзиёқ муаммо туғдиради. Ўйин бошлангач эса иккала жамоа ҳам бир-бирига муаммолар туғдиришга ҳаракат қилишади. Футбол шуниси билан ҳам қизиқда. Аммо ҳозирнинг ўзиданоқ Эктор Купердан натижа талаб қилиб бўлмайди. Унга истасак ҳам, истамасак ҳам вақт зарур.

- Терма жамоамизнинг Сурия ва Эронга қарши ўйинларини ўзаро солиштирганда қандай фарқларини кўряпсиз?

- Ҳозир айтганимдек, мураббийга вақт берилган. У аввало ўзбек футболчиларини яхшироқ ўрганиб чиқяпти. Агар ўзимизни мураббий бўлганида унга осонроқ бўларди. Ёки россиялик мутахассис келганида ҳам тилимиз бир эди ва ҳар холда биздан узоқда бўлмасди. Яъни, бизнинг футболга мослашиши кўп вақтни талаб қилмасди. Аммо Эктор Купер бизнинг футболдан узоқда эди. У тилимизни, урф-одатларимизни билмайди. Лекин шундай бўлса-да, ҳаммаси унинг учун яхши кетяпти. Сурияга қарши беллашувда асосий таркиб умуман бошқача эди. Етакчи ўйинчиларимиз майдонга тушишмаганди. Эрон билан учрашувда эса етакчиларимиз майдонга туширилди ва ўйин бошқача тус олди. Бир-иккита ғалаба мураббийнинг ҳам ишини анча осонлаштиради. Мен Куперга ишонаман. Тошкентда бўлиб турган пайтимда унинг машғулотини бориб кўрдим. Унинг иши менга ёқди. У жаҳон савиясидаги топ-мутахассис, шу боис унга мен нимадир деб баҳо бера олмайман. Уни бутун дунё танийди ва унга етарлича баҳо бериб бўлинган. Шунчаки, бироз сабр қилишимиз керак.

- Янги мураббийни кузатаётган бўлсангиз, унда айнан қандай янги жиҳатларни кўряпсиз?

- Биринчи навбатда Эктор Купер ўз ишини билади. Мен, сиз ёки бошқаси ўз фикримизни билдиришимиз мумкин. Аммо у ҳеч нимага эътибор қилмасдан ўз ишини бажараверади. Купер мураббийлик фаолияти давомида жуда катта йўлни босиб ўтган. У ўз мураббийлик имзосига эга бўлган мутахассис. Тартиб-интизомни ҳам қатъий талаб қиладиган инсон. Тўғри, бу янгилик эмас, аммо ҳамма ҳам бунга қатъий тарзда охиригача амал қилавермайди. Машғулотлари кулгу ва хушчақчақ тарзда ўтяпти. Лекин Купер керак пайтда жиддий шахсга айланади. Керак пайтда футболчилар билан кулишади, керак пайтда эса ўз истакларини улардан талаб қила олади.

- Сизда Купер билан учрашиб, мулоқот қилиш имконият бўлдими?

- Йўқ, ҳозирча кўришмадим. Машғулотларини ҳам асосан трибунадан кузатдим. Ҳозир бунинг мавриди эмас. Насиб бўлса, у билан албатта танишамиз. Чунки, бу ўзимга ҳам қизиқ. Аммо айни пайтда унинг иши жуда кўп. Шунинг учун бу мураббийга халақит қилмаслигимиз керак. Ишини бажариши учун ўз ҳолига қўйиб беришимиз лозим.

- Купер билан терма жамоамизни қандай келажак кутяпти деб ўйлайсиз?

- Бундай мураббийга ишлаш учун кўпроқ имконият берилишини хоҳлайман. Умид қиламанки, ҳаммаси яхши бўлади. Унинг ёши ҳам бизга жуда тўғри келади. Хотиржам ва ўзига ишонган мураббий. Уни анча-мунча нарса билан хаяжонлантира олмайсиз. Купер биз учун керакли мураббий.

- Ўзбекистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи сифатида МОФА турнирида ғолибликка эришгандингиз. Айни пайтда термадаги ишингиз нима бўляпти?

- Ҳозирча мусобақа йўқ. Терма жамоа билан ишимиз тугади. Чунки 2002 йиллардаги футболчилар учун мусобақалар йўқ. Ҳозирда асосий жамоалар сифатида U-21 ва Азамат Абдураимов ишлаётган U-14 термаларини айтишим мумкин. Яқин орада мураббийлар учун ўқув-курслари бошланади.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.