Усмон Тошев: "Шубҳасиз, Саудияни ютишни хоҳлаймиз"

Қатарда ўтаётган U23 Осиё Кубогида иштирок этаётган Тимур Кападзе бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U23 терма жамоамиз мухлисларни хурсанд қилмоқда.

Дастлабки вазифа гуруҳ босқичидан чиқиш эди. Буни йигитларимиз муваффақиятли бажаришди ва гуруҳдаги барча ўйинларни 100 фоизли натижа билан якунладилар.

Ўша ерда терма жамоамиз билан бирга бўлиб турган делегация раҳбари, ЎФА терма жамоалар бўлими бошлиғи Усмон Тошев вакилларимизнинг гуруҳ босқичидаги иштироки ҳамда кейинги рақиб борасидаги фикрларини билдириб ўтди.  

Вьетнам устидан қозонилган ғалаба ҳақида

- Табрик учун раҳмат. Шу ўринда сизларни ҳам, барча мухлисларимизни ҳам табриклайман. Узоқ кутгандик, гуруҳ босқичини жуда яхши ўтказдик. Энди бемалол айтсак бўладики, биз ҳақиқатан рақибларимиздан кучлимиз. Жамоамиз жуда яхши тайёрланган. Ўзига яраша кучли. Ҳар бир чизиқда иккитадан ва ҳаттоки айрим позицияларда учтадан ўйинчи бор, рақобат ҳам шунга яраша кучли. Нечта гол уришни айтиб бўлмайди. Ўйиндаги вазиятлардан келиб чиқиб голларни урдик. Ўйинлар кўрсатдики, гуруҳ босқичидаги рақиблардан анча кучлимиз.

Кейинги рақиб Саудия Арабистони. Реванш олиш учун яхши имконият

- Ҳа Саудия Арабистони жуда яхши жамоа. Қолган рақиблар орасида буларни ўз ўрни бор. Биз уларни, улар эса бизни кўрдилар. Бир жамоани таҳлил қилиш учун жуда кўп технологиялар бор, бу янгилик эмас. Ҳар бир жамоа ўз рақибини таҳлил қилиб, ўрганиб тайёрланади. Плей-оффда ҳамма жамоалар кучли. Битта ўйин жамоанинг турнирдаги жойини аниқлаб беради. Ёки чиқиб кетасиз ё кейинги босқичга чиқасиз. Биз бу учрашувга астойдил тайёрланяпмиз. Ҳеч қандай саросима йўқ. Ҳамма ўз ишини қиляпти. Мураббийлар штаби ва футболчилар жуда яхши. Ажойиб ўйин кўрсатиб мақсадимизга эришамиз, деб ўйлаймиз. Икки йил олдинги реваншми? Ҳа, бу ўтиб кетди. Олдинга қарашимиз керак. Шубҳасиз, Саудияни ютишни хоҳлаймиз.

Қайси легионерларимизни клуби билан олиб борилган музокаралар қийин кечди?

- Легионерларимиз борасида қийин эмас. У ерда ҳам, бизда ҳам раҳбарият ва мураббийлар бор. Иккала томонда ҳам мусобақалар мавжуд. Шунинг учун гаплашиш ва кўришиш керак эди. Худога шукр, барчаси яхши бўлди. Айрим вазиятлар бўлди, масалан Файзуллаев ЦСКАда сариқ карточкани атайлаб олди ва унда сариқ карточкалар 4 та бўлгани боис терма жамоа ихтиёрига кетди деганлар бўлди. Лекин бизнинг футболчилар тоза йигитлар. Ҳа, фақат бир кун эмас, бир неча кунлаб музокаралар олиб борилди. Худога шукр, барчаси яхши ўтди. Чунки бу мусобақа ФИФА кунларида эмасди. Клубларни ўйинчиларни қўйиб юбормасликка ҳаққи бор. Лекин албатта ватан учун олимпия терма жамоамизда ҳам ўйнашлари керак. Негаки, бу жуда масъулиятли мусобақа. Шу боис музокаралар узоқ бўлди. Энг асосийси, барчасини ҳал қила олдик.

Мусобақа фаворитлиги бизга қандай мотивация беради?

- Катта мотивация беради. Ҳа, бизни мусобақада фаворит деб ҳисоблашади. Аммо яна бошқа рақиблар ҳам бор. Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Япония сингари яхши терма жамоалар мавжуд. Гапириш бошқа, лекин ўз ўйинимиз билан кучимизни, салоҳиятимизни кўрсатишимиз муҳим. Биз фаворитми ёки фаворит эмасмизми, бунга эътибор бермаймиз. Ҳаммасини ўйинимиз билан кўрсатишимиз керак. Асосийси, жамоамиз кучли, ҳаммаси яхши бўлади. Масъулиятни барча яхши ҳис қилиб турибди. Жамоамизда ниҳоятда жуда яхши муҳит бор.

Мусобақанинг ташкилий ишлари қандай?

- Албатта, Қатардаги мусобақада барча ташкилий ишлар кўнгилдагидек. Бу стадионлардан жаҳон чемпионатида фойдаланилган. Ҳаммаси жуда яхши ҳолатда. Умуман муаммо йўқ. Майдонлар сифати 5+. Стадионларда кондиционерлар ишлайди. Кўчада 40 градус иссиқ бўлса, стадион ичида ҳарорат 15 градус. Автобусда кетиб олиш, манзилига етказиб қўйиш ҳаммаси жойида. Бу ерда ҳамма ўз иши билан машғул. Футбол одамларини ўз йўналишига қараб алоҳида йўлаклари бор, ҳеч ким ҳеч ким билан тўқнаш келмайди. Ҳурмат ва эътибор жуда яхши.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
ХОЛМУРОДОВ АМИР
25/04/2024 13:31
Салом Узбекистон23 йигитлар сизларга эртага омадлар ер булсин.Саудия жиддий ракиб эхтиет булинглар араблар айер футбол уйнайди
Begmatov Avaz
25/04/2024 11:12
Омад тилаб коламиз йигитларимизга.Илохим юзлари ёруг булсин.
Абдухаликов Мухаммад
25/04/2024 15:11
Оллохим араблар ни айёрликларидан бизларни узи сакласин
Pardayev Shavkat
25/04/2024 10:11
ниҳоятда яхши = жуда яхши. "Жамоамизда ниҳоятда жуда яхши муҳит бор". Сифатнинг қайси даражаси?