Уялмай маош олаётган юлдузлар
Футбол оламида катта маош олиб, жамоасига фойда келтирмаётган футболчилар ҳам бор экан. Хорижлик журналистлар бугунги кунда ҳам асосий мақсади мўмай даромад бўлиб қолган футболчилар рўйхатини тузиб чиқди.
Месут Ўзил. Германиялик футболчи “Арсенал”дан ҳафтасига 350 минг фунт олади. Ўтган мавсум атиги 18 та учрашувда майдонга тушиб, битта гол урди. Микель Артета янги мавсумда уни ўйинга туширмаслигини билдирган, клуб футболчини трансферга кўндира олмади, Ўзилнинг ўзи асосий таркибга лойиқ эканини таъкидлаб, маошини ўз вақтида олмоқда.
Гарет Бэйл. Ҳафталик маоши 350 минг фунт бўлган уэльслик футболчи ҳам асосий таркибдаги жойини йўқотган. Зидан уни майдонга туширмаяпти. “Реал”дан кетса, маоши пасаядиган футболчи захирада ўтириб ҳам, даромадини олишни маъқул кўрмоқда. Бэйл спорт формасини гольф ўйнаш билан ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда.
Гонсало Игуаин. “Ювентус” ҳужумидаги барча ишларни Криштиану Роналду ва Пауло Дибала бажармоқда. Андреа Пирло келиши билан меҳнатга суяги йўқ ҳужумчига чиқиш эшикларини кўрсатди. Бироқ, аргентиналик ҳужумчи ҳафтасига 240 минг фунт маошдан осонликча воз кеча олмаяпти. Чунки борадиган жамоасида унга бунча пул тўлашмаслиги ойдек равшан.
Кепа Аррисабалага. Катта умидлар билан “Челси”га олиб келинган дарвозабоннинг маоши ҳақиқатан ҳам ҳамкасблариникидан анча баланд. У ҳафтасига 150 минг фунт олади. Албатта, дунёнинг энг қиммат дарвозабонининг маоши ҳам шунга яраша бўлиши керак-да. Фақат, битта лекини бор. Кепанинг ўйини ўзининг нархига ҳам, маоши миқдорига ҳам арзимайди. Лондонликлар юлдузлик касалига эрта дучёр бўлган дарвозабондан қандай қутилишни билмаяпти. Аррисабалага эса ҳали беш йил давомида шу маошни олиб юришга тайёр.
Кристиан Бентеке. Бир пайтлар бу бельгиялик ҳужумчини “Ливерпуль” ўша давр учун ўта қиммат нарх – 50 миллион фунтга олганди. Ливерпулликлар жамоа таркибида атига ўнта гол урган ҳужумчини тезда ҳайдаб юборди. Унга бошпана берган камтаргина “Кристал Пэлас” кутилмаганда “Ливерпуль” сингари Бентекега ҳафтасига 120 минг фунт тўлашга рози бўлди. Лондоннинг бу жамоаси ҳам ҳужумчидан куйди. Бентеке уч йил давомида 75 та ўйинда атиги олтита гол ура олди холос. Лекин маош олаётганда ҳамма ишни дўндиратиб қўйгандек, ўзини хотиржам тутмоқда.
Фикрлар