УЯТ! Ноадекват матбуот котибларига бағишланади

  • 10 январь, 2022, 18:04
  • Javokhir Azimov
  • 2
  • Футбол
CHERY AUTO

Ишонч бу - катта нарса. Уни оқлаш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Айниқса, нохолис инсонга. Бу типдаги кишиларга масъул лавозим берилса борми, ана кўраверинг томошани. Балки, айни ўринда "шарманда" сўзини ишлатиш ҳам ўринли бўларди, аммо ҳиссиётга берилмаймиз. Бу аксарият ҳолларда салбий натижага сабаб бўлади. Гапни қисқа қилиб, бугун сўз юритмоқчи бўлганимиз муаммо ҳақида фикр юритамиз: Ноадекват матбуот котиблари!

Tecno

Оддий мухлисга тушунарли бўлиши учун сўз аввалида изоҳ бериб кетай: Бугун ўзбек футбол жамоалари ва спорт федерациялари матбуот котибларининг катта қисми холислик билан ишламайди. Балки, улар замонавий иш услубига эгадир, маълумотларни мухлисларига тезкор тарзда етказиб берар. Аммо ич-ичидан барибир "ўзиники"га ён босади. Масалан, қайсидир клуб матбуот котиби (у масъул лавозимда ишлаши эсдан чиқарилмасин!) бирор янгилик борасида сиз сўраган нарсани айтмаслиги мумкин. Боиси, сиз унинг иккинчи (унинг наздида биринчи бўлиши ҳам мумкин) ишхонасида ишламайсиз! Муҳтарам мухлис, бу нарсадан хабарингиз бормиди? Менимча, йўқ! Буни аксарият журналистларгина билади, холос. Чунки мен, биз бу муаммога дуч келганмиз, келяпмиз.

Юқоридаги гаплар орқали бутун ўзбек спортида масъул лавозимда фаолият олиб борадиган журналистларни шундай демоқчи эмасман. Шунчаки, гуруч ичидаги курмаклар дарагини сизга ҳам бериб қўйишни мақъул кўрдим. Балки энди ўзингиз кузатиб борадиган спорт федерациялари ва футбол клубларига тегишли "Телеграм" каналларда фақат бир манбага кўзингиз тушиши сабабини англагандирсиз. Ундай эмасми, бироз сабр қилинг! Бугун-эрта албатта, учратасиз. Чунки ноадекват матбуот котиблари ҳамон "жавлон урмоқда!" Ачинарлиси шунда-ки, улар бу ишни тўғри деб ҳисоблайди. Яна бир жиҳат бу иллатнинг чуқур илдиз отишига сабаб бўлган, назаримда. Уларни назорат қилиши керак бўлган инсонлар эътиборсиз. Балки, унақа эмасдир. Бировга туҳмат қилишдан йироқман.

Мен кўрганини ёзадиган журналистман, ҳейтер ёки провокатор эмас! Шу боис, юқоридаги хатбошининг илк гапига қўшимча қилсам, адолатдан бўларди. Мен шундай матбуот котибларини биламан, улар ҳамон қайсидир ОАВда қўшимча тарзда ишласа ҳам, масъул лавозимини суиистеъмол қилмайди. Ким, нима сўрашидан қатъи назар, холислик билан жавоб қайтаради. Аслида ҳамма шундай ишласа, мақсадга мувофиқ бўларди.

Котибларнинг ноадекватлиги - муаммо. Бунга бир неча ҳолатни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин: кадрлар етишмовчилиги, маош камлиги (виждон масаласини келтиришни маъқул кўрмадим). Ечим ҳам оддий: шу кемтикларнинг ўрни қопланиши. Бу ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Мана гап нимада. Бугун ОАВда ишлаётган ёш ижодкорлар эртага матбуот котиби ҳам бўлар. Ана ўшанда улар бугунгидек йўл тутмайди. Ёки бугун матбуот котиби кўпроқ маош олса, балки 2-3 та иш жойида ишламас. Бу ҳам бир вариант.

Дарвоқе, бугун матбуот хизматига ишлайдиган журналистларда бир салбий ҳолат кузатилмоқда: Клуб "Телеграм" каналини шахсий блогга айлантириб олиш. Кулгили а?! Умуман олганда, бу фожиа! Ҳазил, "тролл" ўз йўлига. Расмий минбардан туриб ўта субъектив фикр билдиришга журналистнинг ҳаққи йўқ!

Бу мақола кимнидир халққа ёмон кўрсатиш ёки уни камситиш мақсадида ёзилмади. Шунчаки, футболимизда оддий мухлис илғаши бироз қийин бўлган муаммони ёритишга ҳаракат қилдим. Вақт топиб тафаккур қилиб кўринг, ҳурматли матбуот котиблари!

Жавоҳир Азимов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
12/01/2022 17:47
матбуот котиби 1та, ёки 2та булса етади. Бухоро жамоасида 4та матбуот котиби бор эди.
&
Мехриддин Абдурахмонов
10/01/2022 22:25
Тугри фикр. Бази сайтларда клублар матбуот котиблари ишлашади, барибир ен босишади.