Уйғонаётган "Манчестер Юнайтед"!
Ёзги трансферлар ойнасида АПЛ клублари доимгидек энг фаоллар қаторида турибди. Аммо "Манчестер Юнайтед" "ухлаб қолган"дек туюлаётганди. Тен Хаг дастлабки мавсумини яхши ўтказди. Жамоани Чемпионлар лигасига қайтарди ва битта кубок ютди. Энди "қизил иблислар" таркибни кучайтириши керак. Олдинда уларни катта учрашувлар кутмоқда. Бундан ташқари, МЮ мухлислари келаси мавсумда жамоадан Премьер-лиганинг 4-ўринини эмас, балки ундан ҳам юқорироқ поғонага чиқишини истайди. Шундай экан, Тен Хаг бир нечта трансферлар қилишни режа қилганди. Ҳозирча биринчиси амалга ошди.
Мэйсон Маунт
Маунтнинг "Челси"ни тарк этиши олдинроқ маълум бўлганди. У "аристократлар" билан янги шартнома борасида келишувга эриша олмади. Аниқроғи, ярим ҳимоячи маошини оширилишини истади, лекин раҳбарият бунга рози бўлмади. Футболчи қарор қабул қилганида Маурисио Почеттино уни олиб қолишга ҳаракат қилиб кўрди, бироқ унда ҳаммаси ҳал бўлганди. Маунт учун дастлаб "Ливерпуль" ҳаракат қилиб кўрди. Унинг нархини эшитган "қизиллар" курашдан чиқди ва Доминик Собослаини сотиб олди. "Ливерпуль" 24 ёшли инглиздан воз кечганидан кейин "Манчестер Юнайтед" уни ўз таркибига қўшиб олишга уринди. "Челси" 3 та таклифни рад қилди. Сўнгги таклиф 55 миллион фунт эди. "Аристократлар" бунга ҳам рад жавобини берди. Аммо МЮ курашдан чиқиб кетмади. Лондонликлар тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни маслаҳат берди. Воқеалар ривожи мана шу жойига келганида Маунтнинг "Челси"да қолиши ҳақда хабарлар кўпайиб кетди. Томонлар келиша олмаслиги, манчестерликлар 55 миллион фунтдан кўп тўламаслиги борасидаги миш-мишлар чиқа бошлади. Якунда эса клублар умумий 60 миллион фунтлик шартнома борасида келишиб олишди ва мазкур трансфер МЮ учун ёзнинг биринчи харидига айланди. Маунт "Манчестер Юнайтед"да 7-рақамни танлади. Бу рақамни ўзига яраша босими бор. Футболчи бундан қўрқмади.
Агар Маунт сотиб олинмаганида...
Маунт трансфери кечиккани сари унинг атрофидаги миш-мишлар ҳам кўпайиб бораверди. Айрим нашрлар унга алтернатив вариантларни тайёрлаб қўйди. Улар орасида "Брайтон" вакили Мойзес Кайседо фаворит бўлиб турганди. Агарда "Манчестер Юнайтед" Мэйсонни қўлга кирита олмаганида эквадорлик ярим ҳимоячи учун ҳаракатни бошлаган бўларди. Ҳаттоки футболчининг ўзи билан ҳам музокаралар бошланаётганди. Аммо Кайседонинг Маунтдан нархи баланд. Айнан мана шу нарса Тен Хагнинг хоҳишига қарши чиқди. Аммо барибир клуб бу трансферни амалга оширишга ҳаракат қилмоқчи эди. Кайседо эса фаолиятини "Челси"да давом эттириши мумкин.
Яна битта ярим ҳимоячи сотиб олинади
"Манчестер Юнайтед" Маунтдан ташқари яна битта ярим ҳимоячи олмоқчи. Аввалроқ, клуб Рабьони текинга қўлга киритишни ўйлаб турганди, лекин француз "Ювентус" билан янги битим имзолади. МЮ эса "Фиорентина" ўйинчиси Софьян Амрабат билан алоқада бўлиб турибди. Италия клуби ярим ҳимоячини 35 миллион еврога сотишга тайёр. Амрабат қишдан бери топ клубга ўтишни истайди.
Дарвоза масаласи
Айни дамга келиб дарвоза масаласи жумбоқлигича қолаётганди. Аммо Де Хеа расман жамоани тарк этганини эълон қилди. 12 йиллик фаолият ва таркибдаги ягона Премьер-лигани ютган футболчи бўлиб турган Давид айни дам эркин агент бўлиб турибди. 34 ёшли футболчига "Ан-Наср"дан қизиқишлар бор. "Манчестер Юнайтед" эса Онанани сотиб олишга яқин. "Интер" МЮнинг 40+5 миллион евролик таклифини рад қилди. Инсайдер Жанлука Ди Марционинг сўзларига кўра, тез орада "қизил иблислар" 50 миллион евродан кўпроқ таклиф билан қайтади. Дарвозабонннинг ўзи эса Манчестер жамоасига ўтишга қарши эмас. Агарда томонлар келиша олишса, у "Манчестер Юнайтед" аъзосига айланиш эҳтимоли юқори. Тен Хаг яна бир ўзининг собиқ шогирдини олиб келмоқда.
Ҳужум...
Тен Хагнинг асосий мақсадларидан бири бу янги страйкер сотиб олиш эди. У Рэшфорддан тўлиқ қанотда фойдаланиб, марказга тўпурар сотиб олишни режа қилган. Ҳозирча иккита вариант кўриб чиқилмоқда: Хойлунд ва Гонсало Рамуш. "Манчестер Юнайтед" даниялик ҳужумчи учун 30 миллион евро тўламоқчи. Аммо "Аталанта" 60-70 миллион евро истамоқда. МЮ Хойлунд билан май ойида шахсий шартлар борасида келишиб олган ва клуб тез орада расмий таклиф юбориши мумкин. Шунингдек, Рамуш нидерланлиялик мураббий остида тўп тепишни истамоқда. "Бенфика" раҳбарияти ҳам ҳужумчи учун таклиф кутмоқда ва улар 23 ёшли португалияликни МЮга сотишга тайёр. Мазкур харид Англия грандига 80 миллион еврога тушиши мумкин.
Фикрлар