Вадим Абрамов: Футболчилар оиласини қандай боқишни билмаяпти. Уч ойдан буён маош йўқ. Бизга ҳар сафар «эртага, индинга» дейишдан нарёққа ўтилмаяпти
«Бунёдкор»нинг молиявий аҳволи қийин вазиятда. «UzTransGaz» бош ҳомийлигидаги клуб футболчилари ўтган йилги бронза медали, янги мавсумдаги ОЧЛ плей-офф босқичидаги иштирокига қарамай, ойлик маошларини ололмаяпти. Жамоа олдида нафақат 2020 йил ҳисобидан, ҳаттоки 2019 йилдан ҳам қолиб кетган қарздорлик ҳолати сақланиб келмоқда. Бу ҳақда Kun.uz сайти мухбири хабар берди.
Айни коронавирус пандемияси туфайли юзага келган карантин ҳолатида ушбу сайти вакили «Бунёдкор» клуби бош мураббийи Вадим Абрамов билан боғланиб, клубнинг асл молиявий ҳолатини билишга интилди.
- «Чинданам, жамоамиз 2020 йилда умуман ойлик маош олганича йўқ, қолаверса ўтган йилдан ҳам қарздорлик ҳолати бор. Қонун-қоидаларга амал қилиб, карантин вақтида кўчага чиқмай уйда аввалги ойлик маошлар берилишини кутиб ўтирибмиз», - дея гап бошлади Вадим Карленович.
- Демак, бу йил ҳисобидан жамоа футболчилари умуман ойлик маош олишмаган, шундайми?
- Худди шундай, уч ойдан буён маош олганимиз йўқ. Мен кўпроқ ҳозирги қийин паллада жамоамиз футболчилари учун қайғураяпман. Улар билан имкон қадар қўнғироқлашиб, алоқада бўлиб турибмиз. Жамоада кўпчиликнинг оиласи, рўзғори бор уларни қандай боқишни билишмаяпти. Бундай пайтда мураббий, раҳбар сифатида йигитлар, жамоадагиларнинг олдида бироз ноқулай аҳволга тушасан. Афсуски, ҳозирча жамоада шунақа аҳвол.
- Клуб бош ҳомийси «UzTransGaz» раҳбариятида яқинда ўзгариш бўлди. Бу борада қандайдир янгилик ёки молиявий ҳолатга таъсири бўлдими?
- Бундан хабарим йўқ. Бу менинг ваколатимга кирмайди. Бунинг учун бош директор бор, раҳбар сифатида директоримиз ҳомийлар билан доимий алоқада бўлади. Афсуски, ҳозирча бизга ҳар сафар «эртага, индинга» дейишдан нарёққа ўтилмаяпти.
- Йил бошида жамоа Осиё чемпионлар лигаси саралашида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилганда ҳам вазият шундай эдими?
- Мавсум бошида Осиё чемпионлар лигасида иштирок этганлигимиз билан ҳисоблаганда, биласизми, ҳаттоки шунга ҳам ҳеч нарса ажратишмади. Вазият қийин. Нима бўлаётганлигини ҳаттоки тушунмаяпмиз. Футболчилар, жамоадагиларнинг ҳам оиласи, рўзғори бор. Мени шу кўпроқ ташвишлантиради, - деди Вадим Абрамов.
Фикрлар
Homilar buyniga olganku bersinda