Вадим Абрамов: "Ҳар ўйинда жанг қилишга тайёрмиз"

Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичига қуръа ташлангач, «Динамо» «H» гуруҳида Кубокнинг амалдаги соҳиби «Насаф», «Андижон» ва «Навбаҳор»га қарши ўйнайдиган бўлди. Қуръадан кейин “Динамо” бош мураббийи Вадим Абрамов клуб матбуот хизматига интервью берди.

- Вадим Карленович, Суперлигада март ойидаги оғир тақвимдан кейин «Динамо» Кубокда ҳам «ўлим гуруҳи»га тушди. Жамоанинг гуруҳдан чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Ҳа, кучли гуруҳдан жой олдик. «Андижон»га қарши сафарда ўйнаймиз, «Насаф» ва «Навбаҳор»ни қабул қилишимиз кўрсатилган. Аммо Cамарқандда ўйнамаётганимизни инобатга олсак, учта ўйин ҳам биз учун сафарда ўтади. Чунки майдонимизга қачон ўйнашга рухсат берилишини ҳали аниқ билмайман. Наилож, ушбу ўйинлар орқали ўзимизга бўлган ишончни қайтаришга уринамиз. Ҳар ўйинда жанг қилишга тайёрмиз. Битта муаммо –  ўз майдонимизда ўйнамаётганимиз. Қолганини тўғриласа бўлади.

- Энг оғир тақвим «Динамо»да: март ойида чемпионлик учун даъвогар «Навбаҳор», «Нефтчи», ОКМКга қарши ўйналди, апрелда эса Суперлигани яхши бошлаган «Андижон»га қарши сафар ўйини, Кубокнинг амалдаги соҳиби «Насаф» ва яна «Навбаҳор»га қарши тўқнашувлар. Жамоа руҳан тиклана оладими?

- Бу футбол. Биз ҳам улардек стартни омадли бошлашимиз мумкин эди. Аммо турли сабаблар туфайли бундай бўлмади. Бу масалага қайтишни истамасдим, аммо Наманган ва Олмалиқдаги ўйинларимизни такроран кўриб, таҳлил қилдим – ҳакамлар жуда кўп хатоларга йўл қўйишди. Албатта, ўзимизда ҳам камчиликлар бўлди. Умид қиламанки, кейинги ўйинларда улар хатоларсиз бошқаришади. Ўшанда майдонда кўп нарсани исботлашимиз мумкин бўлади.

- «Динамо» ўтган йил Про лигада иштирок этиб, кубок яримфиналигача етиб борди ва совринни қўлга киритган «Насаф»га ютқазди. Бу йил Ўзбекистон кубогидаги вазифа қандай бўлади?

- Биринчи вазифа – гуруҳдан чиқиш. Қолаверса, «Насаф»га қарши бу сафарги ўйинимизда фарқ бор, ўшанда яримфинал бир ўйиндан иборат эди, бу ерда эса гуруҳда 3 та ўйин бор ва ҳар қандай ҳолатда ҳам вазиятни ўнглаш имкони бўлади. Бундай жамоаларга қарши ўйин ўзимиз учун ҳам қизиқ бўлади. 

- «Динамо» 3-турни сўнгги бўлиб ўтказди, аммо Суперлига 4-турини 28 март куни «Металлург»га қарши ўйин билан бошлаб бериши тақвимда белгиланган. Асосий таркиб ўйинчилари Одилжон Абдумажидов ва ҳужумчи Кожо Жоэл ФИФА кунларида олимпия ва миллий жамоада бўлишади. Уларнинг ўйингача қайтиш имконияти қанчалик?

- Абдумажидов Ўзбекистон олимпия жамоаси сафида 26 март куни Қатарда ушбу мамлакат олимпия жамоасига қарши ўйнайди, Кожонинг ҳам 26 март куни Қирғизистон миллий жамоаси сафида бўлиши аниқ эди. Чунки ФИФА кунлари доирасида шу куни ўйинлар бор. Биз эса «Металлург» билан ўйинимизни 28 мартда ўтказамиз, ўйингача улар келиши мумкин, аммо дарҳол таркибга тушишига умид қилиш қийин. Чунки ўйинлар, сафарлар, учишлардан кейин чарчоқ бўлади. Тайёргарликни давом эттириб, вазиятга ўйин олдидан баҳо берамиз. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Искандар Нарзикулов
22/03/2024 10:05
Эх динамо нохакликлар гирдобидан чикаолмайапсанда на илож факат олга