Вадим Абрамов Саудияга қарши ўйин олдидан Сардор Рашидов нега йиғинга чақирилмаётгани, Лутфулла Тўраев ва бошқалар ҳақида
Хабарингиз бор, эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичидан ўрин олган Саудия Арабистонига қарши ўйин ўтказади.
Бугун ўша беллашув олдидан жамоалар вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда дастлаб терма жамоамиз устози Вадим Абрамов ва футболчи Одил Аҳмедов иштирок этди.
Вадим Абрамов: - Эртага бизни муҳим ўйин кутмоқда. Ўйлашимча, гуруҳимиздаги рақобат айнан шу икки жамоа ўртасида кечади. Айни пайтда биринчи ўриндамиз ва буни сақлаб қолишимиз керак. Саудия Арабистони жуда жиддий рақиб, шунинг учун яхши тайёрландик деб ўйлайман. Ўз уйимизда ўйнаймиз, омад биз томонда бўлишига ва ғалаба қозонишга интиламиз.
Лутфулла Тўраев яхши ҳолатда. Унинг руҳий ҳолати ҳам қориқарли. Қирғизистон билан ўртоқлик ўйинида ҳам буни кўрдик. У ёшларга наъумана бўла олади.
Саудия Арабистонига тайинланган Эвре Ренар ўз услубини терма жамоага сингдира олгани тўғрисидаги саволни менга эмас меҳмонлар журналистларига берганингиз маъқул. Лекин шуни айтишим мумкинки, у тажрибали мураббий.
Сардор Рашидов 2 та гол урди клубида, тўғри. Лекин бу ҳамма гол ураётганларни чақиришимиз керак дегани эмас. Аввал ҳам айтганимдек, у клубида ўз ўрнига эга бўлиб олсин. Кейин яна кўрамиз. Барчани кузатмоқдамиз. Сардор Рашидов учун хурсандмиз.
Олдиндаги ўйинлардан сўнг катта танаффус юзага келади. Кейин балки уни чақирармиз. Бироқ ҳозир уни захирада қолиб кетиши учун клубидан чақириб ололмаймиз. Ҳозир Сардор Рашидов унинг чизиғида ўйнаётган футболчидан устун деб айта олмайман.
Одил Аҳмедов: - Эртанги ўйин қандай муҳимлигини ҳамма билиб турипти. Шунинг учун мухлислар стадионга келиб қўллаб туришса, ҳаво совуқлигига қарамай келишса, албатта, яхши кайфият улашишга ҳаракат қиламиз.
Ҳимоядаги ўйиним? Унчалик ноқулайлик туғдирмади. Чунки аввал ҳам шу чизиқда тўп тепганман.
Фикрлар