Виктор Кумиков: "Москвани ҳам бирданига қуришмаган-ку!"
“Андижон” жамоамиз ўз майдонида “Машъал”га қарши баҳсда яна мардонавор ўйин кўрсатиб 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжунида жамоамиз устози Виктор Кумиков иштирок этди.
- Виктор Балютович, аввало учрашув борасида нималарни айта оласиз?
- Барчангиз кўрдингиз, ўйин анча қийин ўтди. Суперлигага чиқмоқчи бўлган клублар ўртасидаги учрашув доимо оғир кечган. “Машъал” бекорга 1-ўринда эмасди ва ҳали мағлубиятга учрамаганди. Бугунги натижа биз учун жуда муҳим эди ва бунга эришдик. Ўйинчилар руҳий томондан ўзларини қўлга олишга ҳаракат қилишди. Дарвозалар олдида хавфли вазиятлар кўп бўлди. Биз биринчи бўлимда шундай вазиятларни кўпини ўтказиб юбордик. Камчиликларимиз устида яна ишлаймиз. Ахир Москвани ҳам бирданига қуришмаган-ку!
- Умуман олганда, ўйиндан тўлиқ қониқдингизми?
- Қачонки, мен ғалаба қозонсам шунда ҳаммасидан қониққан бўламан. Футболнинг чиройли томони шундаки, сен ғалаба қозонсанг ҳаммаси зўр бўлади.
- Нима учун асосий таркибда дарвозабон Хуршид Ходжаевни майдонга туширдингиз?
- Бизда иккита тенг кучга эга бўлган дарвозабонлар бор. Ким ўйинга 100 фоиз тайёр бўлса, ўшани тушираман. Балки кейинги учрашувда Элдор Адҳамовни майдонга туширармиз.
- Нима сабабдан илк ўзгаришни 80-дақиқадан кейин амалга оширдингиз?
- Ўйиндан келиб чиқиб, шундай қарорга келдим. Биз мағлубиятга учраётгандик. Шуларни ҳисобга олиб кечроқ ўйинчи алмаштиришга қарор қилдим. Ўйинчи алмаштирсам, балки у хато қилиб қўйсачи? Шуларни ҳисобга олдим. Иккинчи бўлимда ўйинни ҳолатидан келиб чиқиб футболчиларни алмаштиришга қарор қилдим. Бизни захирамизда ёш ўйинчилар бор. Мағлубиятга учраётган чоғимизда ёшларни майдонга туширишни унчалик хоҳламадим. Агар кутилмаганда улар хатога йўл қўйишса янада қийин ҳолатга тушиб қолишимиз мумкин эди. Футболчиларни руҳий ҳолати билан боғлиқ жараён бўлганлиги сабабли жамоани қийин аҳволга солиб қўйгим келмади. Шахсан мен ёшларни кўпроқ майдонга туширишни хоҳлайман. Аммо ҳисоб 2:0 ва ундан каттароқ ҳисобларда ютаётган бўлсак, бу ишни бажарсам бўлади. Лекин мағлубиятга учраётган чоғимизда бунинг мавриди эмасди. Бундай қийин учрашувларда кам ўйнаётган ўйинчиларни таваккал қилиб майдонга тушириб бўлмайди.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар