Виктор Кумиков: "Олимпик" кучли бешталикка кира олади"

Виктор Кумиков бош мураббийлигидаги Қозоғистоннинг “Қайсар” жамоаси Туркиядаги йиғини мобайнида иккита назорат учрашувини ўтказди.

Аввалига Италиянинг “Сампдория” клубига қарши баҳсда “Қайсар” 0:3 ҳисобида ютқазган бўлса, иккинчи баҳсда Тимур Кападзе устозлик қилаётган “Олимпик” жамоасига 1:2 ҳисобида мағлуб бўлишди.

Виктор Кумиков ушбу учрашувдан кейин Sports.uz сайти учун қуйидагиларни айтди:

“Биз Туркиядаги илк йиғинимизда 2 та ўртоқлик учрашуви режалаштиргандик. Дастлабкисини “Сампдория”га қарши ўтказдик ва 0:3 натижасида ўйинни бой бердик. Иккинчи ўйинимиз “Олимпик” билан кечди. Унда 1:2 ҳисобида енгилдик. “Олимпик” дарвозасига голни жамоамиз сафида кўрикдан ўтаётган ўйинчи урди.

“Олимпик” клуби чакки эмас. Ўйлайманки, улар чемпионатда бемалол кучли бешталик учун кураша олади.

Таркибимизда кўрикдан ўтаётган футболчилар бор. Ҳали ҳеч бири билан келишувга эришганимиз йўқ”, - деди Кумиков.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!