Виктор Кумиков Ўзбекистоннинг Россияга қарши эҳтимолий ўйини олдидан: "Фикримча, стадион мухлислар билан тўлади"

Про лига ғолиби – “Андижон” жамоамиз айни чоғда ўз қароргоҳида навбатдаги баҳсга тайёргарлик кўрмоқда. Гарчи, “Бургутлар” ўз олдига қўйилган вазифани шараф билан адо этишни уддалаган бўлса-да, олдинда яна 3 та учрашув турибди.

5 ноябрь куни про лиганинг 25-тур ўйинлари ўтказилади. Бизнинг жамоамиз бу турда дам олади. Кейинги турни 10 ноябрь куни меҳмонда “Бухоро”га қарши ўтказади. Шу сабабли жамоамиз аъзолари бўлажак баҳсга ҳозирлик кўришда давом этмоқдалар.

Бош мураббий Виктор Кумиков режа асосида футболчиларни шуғуллантирмоқда. Қолаверса, шу кунларда ёмғирли об-ҳаво бўлишига қарамай, жамоа аъзолари ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришаётгани ҳам қувонарли.  

- Виктор Балютович, учта ўйинга дисквалификация туфайли ҳозирча учрашувларни мураббийлар штабидан кузата олмаяпсиз. Ўйинни четдан кузатиш сизга қандай кечяпти?

- Трибунадан туриб ўйиннинг натижаси учун қандайдир эпизодларга таъсир ўтказиб бўлмайди. Менинг назаримда бу энг асосийси.

- Эсимда, мавсум бошланмасидан олдин “Андижон”ни Суперлигага қайтаришга ваъда бергандингиз ва мана, гапингизни устидан чиқдингиз. Айни пайтда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Яхшиямки, биз вазифани бир неча тур олдин бажардик +муддатидан аввал биринчи ўринни ҳам ҳал қилдик. Ҳар доим шундай бўлса яхши бўларди.

- Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилиши мумкин. Айтинг-чи, бу ўйин кўпроқ кимга фойдали?

- Ўйлашимча, бу ҳар бир жамоага фойдали бўлади. Боз устига бу ишқибозларга ҳам қизиқарли. Фикримча, стадион мухлислар билан тўлади. Футболчилар бор кучлари билан тўп суришади.

“Андижон” матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!