Висенте Люкенинг ғалабадан кейинги фикрлари.
Висенте Люкенинг ғалабадан кейинги фикрлари.
Ярим ўрта вазнда топ жангчилардан бири, бразилиялик Висенте Люке (22-9-1) бугун тонгда бўлиб турнирда ҳамюрти, собиқ енгил вазн чемпиони Рафаэль дос Аньос (32-14) устидан очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонди. Шу тариқа бразилиялик жангчи ўзининг кетма-кет иккита мағлубиятли сериясига барҳам бера олди.
Унинг жангдан кейинги интервьюси:
"Аслида совуққон жангчиман. Аммо бу вазиятда жуда ҳам ҳиссиётларга тўла ҳолатдаман. Бу ерда эканимни ўзиёқ мўжиза. Мени таниганлар биладики, бу йил мен жуда оғир жароҳатдан тикландим. Тўғрисини айтсам, бошқа жанг қила олмасликдан-да қўрқинчлироқ туйғу жангчи учун мавжуд эмас. Ҳозир эса мени кўриб турган ва мўжизага ишонмайдиган инсонларга мурожаат қилмоқчиман. Мана мен мўжизанинг яққол намунасиман. Қайтдим, ўзим устимда кўп ишладим, жангга чиқдим ва Яратган сабабли мен яна кучга тўламан. Собиқ чемпион билан жанг қилиб, уни ўз услубида мағлубиятга учратдим. Биласизки, беш раундлик жангларда унинг тажрибаси ошиб-тошиб ётибди, лекин, мен чиқдим ва ўз ишимни бажардим.
Жангдан олдин қилишим мумкин бўлган ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилгандим. Айнан шу каби жанг учун ўз залим бўлган Kill Cliff‘да жиддий машғулотлар олиб бордик. У ер ўз ишининг усталарига тўла: Генри Хуфт ва Грег Джонс каби мураббийлар мени барча ҳолатлар учун максимал тайёр қилишди. Ҳа, мен стойкада жанг қилишни хуш кўраман, бироқ, айтишим керакки, биринчи раундда зарба қабул қилиб олишдан қўрқдим. Бутун бир йил умуман жанг қилмадим ва зарбаларга жавоб қайтариш билан озгина муаммолар бўлди. Жанг боришида битта-иккита зарба... ва ҳаммаси яхши эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Бошқа зарба қабул қилмасликка ва ишимни давом эттиришга ҳаракат қилдим. Кўриб турганингиздек, меҳнатларим ўз самарасини берди.
Би йил шунчаки дахшатли даражада ўтди. Ўтган йўлимга разм солдим, яқинларим ва турмуш ўртоғим билан фикр алмашдим. Шифокорлар менинг соғлиғимда жиддий муаммолар борлигини аниқлашди ва тўлиқ соғаймагунимча жангларга қўймасликларини айтишди. Ҳозир ҳаммаси яхши шароитда. Kill Cliff залида тўлиқ лагерни ўтказдим ва тушундимки, ҳаётда юксалиш учун албатта шу каби қийинчиликларни босиб ўтиш керак экан. Аниқ айта оламанки, ҳозирги шароитда янада камчиликларим устида ишламоқдаман ва жиддий яхшиланишга эришдим. UFC‘да 20 та жанг ўтказдим, ишонч билан шуни маълум қиламанки, бундан буёғига янада кўпроқ эволюцияга эриша оламан. Ҳозир дивизионимиз ўзгариш онларини бошидан кечирмоқда. Чемпион Леон Эдвардснинг жанги ҳали маълум эмас. Мен ушбу чемпион пойгасига қўшилмоқчиман. Иложи борича топ-5 дан рақиб кутаман. Ҳозир эса дам оламан ва ушбу жангдаги камчиликларимни ўрганиб чиқаман. Мен янада кучли бўлиб қайтаман!"
Фикрлар