Виталий Галат: "Пенальтилар борасида хавотирлар борлигини инкор этмайман"

Фарғонанинг "Нефтчи" клуби яқинда Суперкубокни қўлга киритиб, совринлари қаторига яна бир Кубокни қўшиб қўйди. Бунда бутун жамоанинг ва албатта мураббийлар штабининг ҳам ҳиссаси катта.

Жумладан, йил бошида дарвозабонлар мураббийи сифатида иш бошлаган тажрибали Виталий Галат ўз шогирдларининг маҳоратини ошириб бормоқда. Чемпионатда 4 та ўйинда фақат 1 та гол ўтказишди. Суперкубокда эса дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. 

Шу боис клуб матбуот хизмати Виталий Галат билан суҳбатлашди.

- Суперкубокдаги ғалаба сизда қандай ҳис-туйғуларни уйғотди? 

- Барчани ушбу ғалаба билан муборакбод этаман. Суперкубок жуда аҳамиятли соврин. Шунинг учун ғалабадан кейин қувонч ва ғурур туйғусини бошдан кечирдим.

-  Шогирдларингизни ушбу муҳим учрашувга руҳлантириш ишлари қандай кечди? 

- Тажрибали футболчиларни руҳлантириш учун унчалик далда керак эмас, деб ўйлайман. Улар майдонда фақат ишонч билан ҳаракатланишларига ишора қиламан. 

- Кубок ўйини олдидан хавотирлар бўлганми? 

- Пенальтилар борасида хавотирлар борлигини инкор этмайман. Чунки "Пахтакор" билан ўйиндан олдин пенальтиларни кимлар ва қандай ижро этишини ўрганиб чиққан эдик. 

- Суперкубок баҳсидан сўнг энг яхши ўйинчиларни айтиб бера оласизми? 

- Бутун жамоамиз қойилмақом ўйин кўрсатди. Аммо баъзи-бир хавфли вазиятларда Ботирали Эргашев дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолди. 

-  Андижон ўйингоҳидаги муҳит ҳақида ва мухлисларга тилакларингизни билдириб ўтсангиз. 

- Мухлисларимизга чексиз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Чунки улар ўйин олдидан ва ундан сўнг ажойиб байрамона муҳитни яратдилар. Мухлисларимизга соғлик саломатлик, жамоамизга эса доимий ишонч билдиришларини тилайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!