Виталий Левченко: "Айни дамда сифат ҳақида гапиришга эрта"
Ўзбекистон Суперлигаси 2-турида сафарда "Динамо"ни кичик ҳисобда мағлуб этган "Нефтчи" клуби устози Виталий Левченко ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ғалаба, янги ҳужумчи ва фаворитлар ҳақидаги саволларга жавоб берди.
"Динамо"нинг "Навбаҳор"га қарши баҳсини кўргандик ва бизга қарши агрессив ўйнашини кутгандик. Уларнинг босимига қарши туриб бериш ва хатолар қилмасликни режа қилган эдик. Айни дамда сифат ҳақида гапириш эрта. Асосийси натижа эди. Якунда ўзимиз учун керакли натижани сақлаб қола олдик. Ўйин тугагач, футболчиларга бунинг учун раҳмат айтдим.
Эффионг Нсунгусини бу ерга олиб келиш учун анча олдин ҳаракат бошлаган эдик. Уни аввалги мавсумдаёқ олиб келиш режамиз бор эди. Аммо, бу режа амалга ошмаган эди. Уни анчадан буён кузатиб юриб шартнома қилишни режалаштиргандик. Узоқ давом этган музокаралардан сўнг ниҳоят мавсум аввалида у билан шартнома имзолашга эришдик. Унга, Қозоғистонда, бошқа хориж клубларидан таклифлар бор эди. Футболчини Туркиядаги йиғинимизга таклиф этишни режалаштиргандик, аммо Туркия негадир нигерияликларга виза бермаяпти. Сабабини билмайман. Шунинг учун шартномани шу ерда туздик. Тўғри, йиғинда иштирок этмади, аммо шартнома тузишда иккиланмадик, боиси, уни узоқ вақт давомида кузатиб борган эдик.
Фаворитлар ҳақида менинг гапиришим хато бўлади. Бу ҳақда сизлар, мутахассислар гапирса тўғрироқ. Бизнинг вазифамиз эса сифатли футбол кўрсатиб натижага эришиш.
ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар