Виталий Левченко: "Жамоада тенг кучли 20 нафар футболчи бор"
Ўзбекистон Суперлигаси 3-тури доирасида ўз майдонида "Металлург"ни кичик ҳисобда мағлуб этган "Нефтчи" клуби устози Виталий Левченко, ғалаба, рақиб, таркибдаги ротация ва Тошмирзаевнинг ўйини ҳақида фикр билдирди.
"Жуда қийин кечган баҳсда ғалаба қозона олдик. "Металлург" жуда яхши даражадаги жамоа. Умуман, рақибларимиз сўнгги баҳсларда бизни пухта ўрганишаётгани, ўйинларимизни жиддий таҳлил қилишаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бугун жамоам охиригача курашди, сабр қилди, ўз вазиятини кутди ва якунда ҳақли ғалабага эришдик. Жуда муҳим уч очкони қўлга киритдик.
Мени хурсанд қилаётган жиҳат – жамоада тенг кучли 20 нафар футболчи бор. Асосий таркиб учун рақобат ва кураш борлиги хурсанд қилмоқда. Албатта, кимдир асосий таркибга кира олмаса, бунга салбий қараши ва хафа бўлиши мумкин. Бу футбол. Нормал ҳолат. Биз футболчиларга буни тушунтиряпмиз. Асосий таркибда ким тушиши қийин танлов. Аммо, ким асосий таркибда тушса ҳам, борини бериб ўйнамоқда.
Тошмирзаев анча тезкор ва ҳаракатчан футболчи. Унга маълум вазифалар берилганди. Аммо, сариқ карточка олгани учун таваккал қилмадик ва алмаштирдик. Ўйин темпи юқори экани ва уни яна огоҳлантирилиши четлатилишига сабаб бўлишини ўйлаб шунга қарор қилдик.
Асосий таркибда майдонга тушаётган айрим футболчилар борасида саволлар бўлиши табиий. Аммо, мавсум узунлиги ва айни дамдаги футболчилар ҳолати таркиб танлашда муҳим фактор ҳисобланади. Ҳали олдимизда узун мавсум турибди. Кубок учрашувлари бор. Таркиб танлаш учун кўп омилларга таянишга мажбурмиз.
Рақиб таркибида Шаҳзод Убайдуллаевнинг ҳаракатлари ёқди. "Нефтчи"да ўйнагани учун даражасини яхши биламан. Бугун ҳам бизнинг ҳимоячиларни қийнади.
ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар