Виталий Левченко "Сўғдиёна" устидан қозонилган ғалаба ҳақида гапирди
Ўзбекистон Суперлигаси 1-туридан ўрин олган "Сўғдиёна" ва "Нефтчи" жамоалари ўртасидаги ўйин якунланди.
Мазкур беллашувда меҳмонлар 1:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Фарғоналикларнинг икки голини ҳам нигериялик легионер Эффионг Нсунгуси киритди, жиззахликларнинг ягона голи эса Люпче Дориев номига қайд этилди.
Шу тариқа, "йўлбарслар" ушбу ғалабадан кейин 3 очкога эга бўлди ва жадвалда юқори ўринлардан жой олди.
Беллашувдан сўнг фарғоналиклар устози Виталий Левченко ўз фикрлари билан ўртоқлашиб ўтди:
"Барча мухлисларни чемпионат бошлангани билан табриклайман. Ҳаво жуда совуқ бўлишига қарамасдан, трибунада ишқибозлар жуда кўп эди ва уларга шунчаки респект.
Ўйинга келсак, жуда кўп курашлар гувоҳи бўлдик. Шунинг учун, комбинациялар ва ўйланган ҳужумларда бироз оқсашлар бўлди. Бу ҳали ўйин режимига тушиб олмаганимиздан далолат. Биз учун энг муҳими 3 очко эди ва йигитларни бу ғалаба билан табриклайман".
Фикрлар