Виталий Левченко: "Тўпни назорат қилиш ўйинни ютиш дегани эмас"
Суперлиганинг 18-турида "Нефтчи" клуби сафарда "Пахтакор"га қарши баҳс олиб борди ва 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Виталий Левченко матбуот анжуманида иштирок этди.
- Биз ниманинг эвазига "Пахтакор" ҳужум қилишини билар эдик. Уларга зоналар қолдирмадик. Биринчи ўйиндаги мағлубиятимизни таҳлил қилган ҳолда бугун хатоларни тўғрилашни уддаладик. Улар ўрганган тезликда ҳаракат қилишга йўл қўймадик.
- Жасур Жалолиддиновнинг трансфери нима бўлди?
- Мен Жасур қаерда эканлигини билмайман. У алоқага чиқмаяпти. Бу саволга жавоб бера олмайман.
- Биринчи бўлимда ҳужумкор "Нефтчи"ни кўрдик, аммо иккинчи таймда асосан ҳимояга эътибор қилдингиз?
- Аслида ундай эмас. Биз иккинчи бўлим бошида Азизни ўйинга туширдик, аммо у қўшилиб кета олмади. Биз ҳимоядан ҳужумга чиқишда муаммоларга учраганимиз сабабли ташқаридан дурангга ўйнагандек кўринган бўлишимиз мумкин. Қарши ҳужумга ўтиш имкониятидан фойдалана олмадик.
- Ўйин сифати борасида фикрингиз қандай?
- Такрорлайман, биз биринчи ўйиндаги хатолардан фойдаландик. Рақибга ҳаракат қилиш учун бўш зона қолдирмадик. Тўп назорати ҳам 70-30 фоиз бўлган бўлса керак. Тўпни назорат қилиш ўйинни ютиш дегани эмас.
- "Нефтчи"нинг совринли ўринлар учун имконияти қандай?
- Агар разм солиб қарасангиз, турнир жадвалида ишга жиддий киришган жамоаларни кўрасиз. Биз ҳам қўлни тушириб юбормадик. Имкон қадар тепароққа чиқишга ҳаракат қиламиз. Бугун икки жамоа ҳам 3 очко учун ўйнади. Бугун "Сўғдиёна" ҳам дуранг қайд этди. Ҳозир ҳеч кимга осон эмас. Ҳамма баҳсда жанг бўлмоқда.
Фикрлар