Владислав Мустафин Ҳиндистонда ўтаётган Осиё чемпионатида ғалаба қозонди

Бугун Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида сув спорт турлари бўйича ёш тоифадаги гуруҳлар ўртасида ўнинчи Осиё чемпионати старт олди. Эътиборлиси, мусобақа терма жамоамиз вакиллари учун муваффақиятли бошланди. Айни пайтгача ўтказилган беллашувлар натижаси бўйича вакилларимиз тўртта медаль жамғаришга муваффақ бўлдилар.

Терма жамоамиз етакчиларидан бири Владислав Мустафин 100 метрга брасс усулда сузиш бўйича катталар ўртасидаги баҳсда 1:01.41 натижа билан маррага биринчи бўлиб келди. Худди шу масофа ва йўналишда ёшлар ўртасида Алексей Сидорчук бронза медали билан тақдирланган бўлса, 50 метрга чалқанча усулда кечган баҳсларда Адил Юсупбаев кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, эркаклар ўртасида эркин усулда сузиш бўйича 4х100 метр эстафетасида йигитларимиз шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилишди.

Параллел равишда ўтаётган сув полоси баҳсларида аёллар терма жамоамиз дастлабки турда мусобақа мезбонларини йирик 28:5 ҳисобида доғда қолдирди. Таъкидлаш жоиз, ушбу мусобақа жамоамиз учун Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи турнир олдидан ўзига хос тайёргарлик вазифасини бажариб беради. Эслатиб ўтамиз, икки йилда бир маротаба ўтказиладиган ушбу чемпионатга 2017 йил Тошкент шаҳри мезбонлик қилган эди.

Манба: olympic.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!