Волейболчиларимиз Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичидаги иштирокини якунлашди

Шу кунларда Япониянинг Чиба шаҳрида волейбол бўйича эркаклар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Унда узоқ йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам иштирок этишяпти.

Бугун вакилларимиз гуруҳ босқичидаги сўнгги учрашувини ўтказди. Қувайт терма жамоасига қарши кечган ўйинда вакилларимиз аввалги баҳсларга қараганда анчайин мазмунли ҳаракат қилишди. Бироқ, халқаро тажрибанинг камлиги охир-оқибат ўз сўзини айтди ва қувайтлик волейболчилар 3:1 ҳисобида ғалабага эришди.

Учрашувнинг 1-партияси муросасиз кечиб, 29-27 ҳисобида рақибларимизнинг қўли баланд келди. 2-партияда эса ҳамюртларимиз 25:16 ҳисоби билан ишончли тарзда зафар қучишгач, ниҳоят терма жамоамиз ўзининг Осиё чемпионатидаги илк ғалабасига эришишига умид қилаётган эдик. Аммо, сўнгги икки партияда Қувайт терма жамоаси бир хил – 25:21 ҳисобида ғалаба қозониб, гуруҳда 3-ўринни эгаллади. Қитъа чемпионатининг “С” гуруҳи ғолиби эса Хитой ва Австралия терма жамоалари ўртасидаги ўйинда аниқланади.

Кези келганда таъкидлаш керак, ўзбекистонлик волейболчилар турли сабабларга кўра 10 йилдан ошиқ вақт давомида Осиё чемпионатларида иштирок этишмаётган эди. Халқаро тажрибанинг камлиги эса мана шундай пайтларда панд беради. Қолаверса, терма жамоа ўзагини ҳам асосан Ўзбекистон чемпионатида иштирок этаётган спортчилар ташкил қилади. Ажаб эмаски, қитъа биринчилигидан кейин вакилларимизга халқаро майдонларда бўлган талаб ортади. Дарвоқе, ҳозирнинг ўзидаёқ кўплаб спортчиларимизга хорижий клублардан қизиқиш билдирилмоқда ва тез орада легионерларимиз сони ортишига умид қиламиз.

Манба: minsport.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!