WBC янгиланган рейтингида ўзбекистонлик боксчилар қайд этган ўринлари маълум бўлди

  • 20 январь, 2020, 11:04
  • 0
  • Бокс

Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) декабрь ойи учун профессионал боксчиларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, ўзбекистонлик саккиз нафар боксчи мазкур рейтингдан ўрин эгаллади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри мухбири хабар бермоқда.

Ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифаси вакили Қудратилло Абдуқаҳҳоров (17-0, 9 КО) янги рейтингда бир ой олдинги ўрнидан бир поғона пастлаб 5-ўринга жойлашди. Айни вақтда у IBF рейтингида биринчи, WBO рейтингида эса 8-ўринларни эгаллаб турибди.

Супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилаётган ўзбекистонлик Азизбек Абдуғофуров (13-0, 5 КО) эса олдинги поғонасини сақлаб қолган ҳолда 2-ўринда бормоқда. У ҳамон WBC Silver камари соҳиби сифатида кўрсатилмоқда.

Рейтингнинг халқаро миқёсида тан олинган Топ-15 лигида бошқа ўзбекистонлик боксчилар жой олмаган. Аммо WBC бошқа рейтинглардан фарқли равишда 40 кишидан иборат рейтингни тузиб чиқади. Мазкур кенгайтирилган рейтингда яна олти нафар ўзбек боксчиси эътироф этилган.

WBC кенгайтирилган рейтингида супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримов (4-0, 4 КО) ўтган ойдагидан икки поғона юқорилаб 31-ўриндан жой олган.

Биринчи ўта енгил (-48,99 кг) вазн тоифаси вакили Ҳасанбой Дўсматов (1-0, 1 КО) ўтган ойдаги каби 34-ўринда қолган. Шунингдек, янгиланган рейтингда ўта оғир (+90,7 кг) вазн тоифаси вакили Баҳодир Жалолов (6-0, 6 КО) 39-ўринни сақлаб қолган. Супер енгил вазнда WBC Asia чемпионлик камари соҳиби Анвар Туропов (5-1, 4 КО) худди ўтган ойдагидек 40-ўринда қайд қилинган.

Супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Шаҳрам Ғиёсов (9-0, 7 КО) эса яна бир поғона пастлаб, 22-ўринда қайд қилинган бўлса, мазкур вазн тоифасининг яна бир вакили Шоҳжаҳон Эргашев (18-0, 16 КО) эса бу ойда яна иккита ўрин пастлаб, 32-поғонани банд этиб турибди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!