World Boxing кубоги баҳсларининг 2025 йилги босқичи ниҳоясига етди!
Хабарингиз бор, World Boxing кубоги турнири йил бошида эълон қилинганда 4 та босқичда ўтиши белгиланди.
Биринчи босқич: 31 мартдан 5 апрелга қадар Бразилиянинг Фос-ду-Игуасу шаҳрида бўлиб ўтди. Унда вакилларимиз ҳеч кимга имкон қолдирмай, 5 та олтин, 2 кумуш ва 1 бронза медалларини қўлга киритишди. Биздан кейин мезбонлар 3 дона олтин ола олишди холос.
Иккинчи босқич: 10-17 май кунлари Польшанинг Варшава шаҳри World Boxing ташкилоти кубоги баҳсларининг иккинчи босқичига мезбонлик қилди. Тўлқин Қиличев бошчилигида жамоамиз 6 та олтин, 1 кумуш ва 2 та бронза билан мусобақани якунладилар. Бу сафар ҳам жамоамиз тенгсиз бўлди.
Дастлаб, Польшадаги турнир World Boxing ташкилоти кубоги баҳсларининг иккинчи босқичи дея номланди. Аммо мусобақа бошланишига саноқли кунлар қолганида турнир ташкилотчилари мусобақа "Feliks Stamm" халқаро хотира турнири ва World Boxing ташкилоти кубоги коллаборация шаклида ўтказилишини ва бу якуний медаллар рейтингига қўшилмаслигини маълум қилишди.
Учинчи босқич: Қозоғистоннинг Астана шаҳри, 28 июндан 7 июлгача яна бир World Boxing ташкилоти кубоги баҳсларининг тартиб бўйича учинчи (Польшани ҳисобга олганда) босқичига мезбонлик қилди. Бу сафар мусобақада Ливерпульда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатининг муҳимлилик даражаси туфайли эркаклар терма жамоамиз иштирок этмади.
Элшод Расулов бошчилигидаги қизларимиз бўлса, 1 та олтин ва 4 бронза билан тугатишди. Қайд этиш жоиз, аёллар терма жамоамиз катта таркибда биринчи бор Астанада қатнашдилар. Унгача Польшада бир нафар қизимиз рингга кўтарилганди холос.
Тўртинчи, сўнги босқич: Куни кеча якунига етган Ҳиндистондаги World Boxing ташкилоти кубоги баҳслари финал босқич дея номланди. Унда терма жамоамизнинг ёш таркиби 4 та олтин, 5 кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритишди. Умумжамоа ҳисобида мезбонлардан сўнг иккинчи бўлдик. Эркакларимиз бўлса ўз тоифасида доимгидек биринчиликни бермади. Қизларимиз ҳам мусобақада муносиб иштирок этдилар. Айрим финал жанглари бўлса, ҳакамларнинг тушунарсиз қарорлари туфайли рақиблар томонига ҳал этилди. Бунга яққол мисол, Олтиной Сотимбоева ва Гулсевар Ганиевалар иштирокидаги жанглар. Боксда шунақаси ҳам бўлиб туради. Шунга қарамасдан ушбу кубок баҳслари қизларимиз учун катта тажриба майдони бўлди.
Ўйлаймизки, ушбу турнирда олинган тажрибалар муҳим паллаларда, Олимпиада ўйинлари, Жаҳон чемпионати баҳсларида анчагина ас қотади. Шундай қилиб, ташкилот кубок баҳсларини якунлади.
Ушбу мавсумий мусобақа, ўзининг Олимпиада ўйинларига баллар тақдим этиши билан ҳам аҳамиятли. Терма жамоамиз, тўртта босқич деб олсак, барчасида турли таркиблар билан иштирок этиб, барча ёш ва умидли боксчиларга имкон берди. Нью-Дели ҳам бунга яққол мисол.
Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.



Фикрлар