World Boxing ташкилотига янги бош котиб тайинлади
World Boxing ташкилоти Лос-Анджелесда бўлиб ўтадиган 2028 йилги Олимпия ўйинлари (LA 28) сари тайёргарлик жараёнини бошқариш учун Том Диеленни бош котиб лавозимига тайинлади. У очиқ танлов асосида сайланди ва ўз фаолиятини 2026 йил февраль ойидан бошлаши маълум қилинди.
Бельгия ва Швейцария фуқароси бўлган Диелен Олимпия спортида қарийб 30 йиллик тажрибага эга. У 2005–2025 йиллар давомида World Archery (Жаҳон камондан отиш федерацияси) бош котиби лавозимида ишлаган. Айнан унинг раҳбарлиги остида федерация Олимпия дастуридан чиқиб кетиш хавфи остидаги спорт туридан нуфузли, молиявий барқарор ва Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) томонидан тан олинган инновацион ташкилотга айланган.
World Boxing президенти Геннадий Головкин тайинлов юзасидан шундай деб ёзди:
“Жаноб Диеленнинг халқаро спортдаги тажрибаси ташкилотимиз олдидаги вазифалар ва масъулиятларга тўлиқ мос келади. Ишончим комил, бу тажриба World Boxing нинг келажакдаги ривожига хизмат қилади.”
Том Диелен эса янги лавозим ҳақида қуйидагиларни таъкидлади:
“World Boxing бош котиби сифатида Олимпия ҳаракатидаги янги чақириқни қабул қилишдан жуда мамнунман. Президент Геннадий Головкин билан илк суҳбатимиздаёқ ўзаро тушунганимиздан хурсанд бўлдим. Ушбу ишонч учун унга ва Кенгашга миннатдорчилик билдираман. Яқин даврда Таиланд ва Сенегалда ёш спортчилар учун ўтказиладиган мусобақалар, шунингдек, Бразилия, Хитой ва Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган World Boxing Cup турнирлари спортчиларнинг LA - 2028 сари йўлини бошлайди. Олдинда жуда ҳаяжонли жараёнлар кутмоқда.”
Шунингдек, Диелен яқин ойларда World Boxing жамоасини кенгайтиришни режалаштирганини ҳам маълум қилди.
Фикрлар