Халқаро ўртоқлик учрашуви. "Андижон"нинг рақиби ҳақида нималар маълум?

Маълумки, 14 октябрь куни “Андижон” клуби “Бобур Арена”да халқаро ўртоқлик учрашуви доирасида Қирғизистоннинг “Мурас Юнайтед” жамоасига қарши майдонга тушади. Ушбу жамоалар сентябрь ойида Жалолободда учрашишганди ва бу сафар иккинчи бор тўқнаш келадилар, энди Андижонда.

Олдин хабар берганимиздек, “Андижон” клуби билан “Мурас Юнайтед” ўртасида меморандум имзоланган бўлиб, мазкур ўйиннинг ташкил этилаётгани ҳам бежиз эмас. Албатта, “Мурас Юнайтед” Қирғизистонда ўз ўрнига эга бўлиб бораётган ва ривожланиш босқичини муваффақиятли бажараётган клуб ҳисобланади. 16 сентябрь куни Бишкекда Қирғизистон Кубоги финалида “Абдиш-Ата”га қарши майдонга тушиб 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган ҳолда “Мурас Юнайтед” фаолиятидаги илк совринни қўлга киритди.

Бўлажак рақиб тўғрисида яна маълумот беришда давом этадиган бўлсак, айни дамда Қирғизистон премъер-лигасида 10 та иштирокчи орасида 23 та ўйиндан сўнг 11 ғалаба, 5 дуранг ва 7 мағлубият қайд этиб, 38 очко билан 4-ўринга жойлашиб турибди.

мурас

“Мурас Юнайтед”ни 48 ёшли маҳаллий мутахассис Валерий Березовский бошқариб бормоқда. Валерий Юрьевич бунгача “Олға” жамоасига бир неча мавсум бош мураббийлик қилган. Шунингдек, у Қирғизистон U21 терма жамоасини бошқарган.

Жамоа таркибига назар ташласак, асосий дарвозабон Павел Матяш ўзбек мухлисларига ҳам яхши таниш. Ёдингиз бўлса, у 2017-2018 йиллари Олмалиқнинг ОКМК жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Матяш ҳозирда 36 ёшда бўлиб, “Мурас”нинг энг “кекса” футболчиси ҳисобланади. Бундан ташқари, 35 ёшли ярим ҳимоячи Анатолий Власичев ўз вақтида Тошкентнинг “Локомотив” жамоасида тўп сурган. Ҳозирда “Мурас Юнайтед” шарафини муносиб ҳимоя қилиб келяпти.

Умуман олганда, жамоа сафида 6 тадан зиёд легионер футболчилар тўп суришмоқда. Жумлдан, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Нигериядан келган ўйинчилар бор. Шу билан бирга таркибда Қирғизистон терма жамоаси аъзолари ҳам фаолият олиб боришяпти.

мурас2

“Мурас Юнайтед” ички чемпионатида охирги бор пешқадам “Дордой”га қарши ўтказиб 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Навбатдаги ўйинда эса 19-санада “Абдиш-Ата” меҳмони бўлади.

Табиийки, “Бобур Арена”да бўладиган беллашув ҳар иккала жамоа учун чемпионатдаги навбатдаги ўйинга алоҳида тайёргарлик вазифасини ҳам ўтаб беради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!