Хаметовлар триоси Чаплинни лол қолдирди (фото)
Жорий йилнинг 8-14 январь кунлари Будапешт шаҳрида XII Халқаро цирк фестивали бўлиб ўтди. Бу фестивалга 15 та давлатдан 126 нафар иштирокчилар жалб қилинди. Иштирокчилар орасида юртдошларимиз — машҳур Хаметовлар сулола вакиллари Рустам, Камила ва Далерлар ҳам бор эди.
Бунда қатнашчилар жонглёр, иллюзия, клоунада, гимнастика, ҳаво акробатлари каби жанрлар бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди. Ҳакамларга Чарли Чаплиннинг ўғли Юджин Чаплин бошчилик қилди.
Бир неча йиллардан бери дунёни лол қолдириб келаётган бу цирк усталари ўз чиқишлари билан барчани ҳайратда қолдирди.
Дунё ареналарини забт этиб, ўзбек цирк санъатини жаҳонга танитишни олий мақсад қилган Хаметовлар триоси фестивалда оилавий “Камарлар” номли чиқишларини намойиш этишди.
Цирк артистларимизнинг фестивалдаги чиқишлари ғайриоддий ва хавфли ҳаракатлар туфайли ниҳоятда ҳаяжонли вазиятлар яратиб, томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди. Албатта, ўз касбига садоқат билан тинимсиз меҳнат ва изланишлардан чарчамайдиган сулола вакиллари ушбу фестивалга махсус тайёргарлик кўришган эди.
126 нафар қатнашчилар ўртасида юртдошларимизнинг иштироки юқори баҳоланиб, олтин медални қўлга киритишганлиги барчамизда фахр туйғусини уйғотди.
Артистларимиз аэропортдан ҳурмат ва эҳтиромлар билан кутиб олинди.
“Ўзбекдавлатцирки” матбуот котиби.
Фикрлар