Ханчжоу-2022. Ўзбекистонлик спортчилар бугунги кунни 4 та медаль билан якунлашди
Ханчжоу-2022 ХIХ ёзги Осиё ўйинлари ўзининг қизғин палласига кирди. Бугундан спорт курашлари бўйича беллашувлар старт олади. Дастлаб юнон-кураши усталари баҳсларга киришишади. Шунингдек, кун давомида футболчиларимиз финал йўлланмаси учун майдонга тушишса, оғир атлетика, велоспорт, енгил атлетика, от спорти турларида ҳам медаллар жамланмаси ўйналади.
07:31. Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Маҳмуд Бахшуллоев курашчиларимизнинг ғалабали иштирокини бошлаб берди. Ҳиндистонлик Нираж билан беллашган полвонимиз 5:3 ҳисобида муваффақият қозониб, чорак финалга йўл олди.
08:35. Юнон-рум кураши баҳсларида кучлилар сараланмоқда. Исломжон Баҳромов (-60 кг), Маҳмуд Бахшуллоев (-67 кг) ва Жалгасбай Бердимуратов (-87 кг) ярим финал йўлланмасини қўлга киритишди. Яна бир неча дақиқадан сўнг Дилшод Омонгелдиев эронлик Aмин Кавиянинежад билан ярим финал йўлланмаси учун курашади.
Ярим финал жуфтликлари билан танишинг:
-60 кг: Исломжон Баҳромов – Ханжайе Чунг (Ж.Корея) / Жоломан Шаршенбеков (Қирғиз Республикаси)
-67 кг: Маҳмуд Бахшуллоев – Кацуаки Ендо (Япония)
-87 кг: Жалгасбай Бердимуратов – Масато Суми (Япония)
09:40. "Классик” кураш усталари ўртасида саралаш баҳслари якунига етди. Қувонарлиси, унда Жаслгасбай Бердимуратов -87 кг вазн тоифасининг финал йўлланмасига эга бўлди. Ҳамюртимиз ярим финалда япониялик Масато Суми устидан ғалаба қозонди. Ярим финалда имкониятни бой берган Илҳомжон Баҳромов (-60 кг), Маҳмуд Бахшуллоев (-67 кг) бронза медали учун, шунингдек, чорак финалда мағлубиятга учраган Дилшод Омонгелдиев (-77 кг) эса учинчи ўрин учун ўтиш босқичида баҳс олиб борадиган бўлишди. Бердимуратовнинг финалдаги рақиби эронлик Носир Aлизода бўлади.
10:40. От спортининг конкур баҳсларида яккалик ва жамоавий йўналишда куннинг биринчи ярмидан ўрин олган беллашувлар якунланди. Қувонарлиси, унда Баҳромжон Газиев бошчилигидаги чавандозларимиз медаллар учун курашни давом эттиришмоқда.
Жамоавий дастурда дастлабки саралашдан сўнг фақатгина ҳиндистонлик спортчилар совринли ўринлар учун курашдан чиқиб кетишди. Ҳамюртларимиз биринчи чиқишдан кейин еттинчи натижани қайд этиб туришибди. Бироздан кейин медаллар учун баҳслар бошланади.
11:25. 10 метрли платформадан сувга сакраш бўйича эркаклар ўртасида саралаш баҳслари якунланди. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Игорь Мьялин 341.30 балл жамғарди. Ушбу натижа орқали ҳамюртимиз тўққизинчи ўрин билан финалга йўл олди. Финал баҳслари Тошкент вақти билан 16:30 да бошланади.
11:40. Чим устида хоккей бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Индонезия билан куч синашди. 9-ўрин учун баҳсда ҳамюртларимиз 1:4 ҳисобида имкониятни бой бериб, мусобақани 10-ўринда якунлашди.
12:00. Бокс бўйича -51 кг вазн тоифасидаги ярим финалда ҳамюртимиз Ҳасанбой Дўсматов япониялик Томоя Цубоига қарши баҳс юритди. Якунда Ҳасанбой 4:1 ҳисобида ғалабани қўлга киритиб, финалга йўл олиши билан бирга Париж Олимпиадасига ҳам йўлланмани қўлга киритди. Энди, вакилимиз Осиё ўйинлари ғолиблиги учун Таиланд вакили Титсиан Панмотга қарши жанг қилади.
12:24. Бокс бўйича -80 кг вазн тоифасида ярим финал баҳси бўлиб ўтди. Унда вакилимиз Тўрабек Хабибуллаев хитойлик Танглайтан Тўхтарбекга қарши жанг қилди.
Жуда шиддатли кечган жангда ҳамюртимиз 1-4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа, Тўрабек Хабибуллаев бронза медалини қўлга киритди.
14:25. Юнон-рум курашида Исломжон Баҳромов -60 кг вазн тоифасидаги бронза медали учун баҳсда Жанубий Корея вакили Жунг Ханжае билан беллашди. Афсуски, ҳамюртимиз 5:4 ҳисобида имкониятни бой бериб, мусобақани медалсиз якунлади.
15:02. Юнун-рум курашчимиз Маҳмуд Маҳшиллоев бронза медали учун беллашувда Қирғиз республикаси вакили Раззоқ Бешшекеевга ютқазиб қўйди ва у ҳам медалсиз қолди.
16:35. Юнун-рум курашида Жаслгасбай Бердимуратов -87 кг вазн тоифасининг финалида эронлик Носир Ализода билан куч синашиб, ҳамюртимиз ғалаба қозонди ва олтин медалга эга чиқди.
17:20. Ханчжоудан яна бир хушхабар. Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш дастурида олтин медалга сазовор бўлди. 17 ёшли спортчимиз қайд етган 14.09 метр натижани ҳеч бир рақиби янгилай олмади ва Давронова Осиё ўйинлари чемпионлигига эришди.
17:40. Оғир атлетикачимиз Муҳаммадқодир Тоштемиров Ўзбекистон делегациясига кумуш медаль келтирди. -81 кг вазн тоифасида иштирок этган полвонимиз даст кўтаришда 159 кг, силтаб кўтаришда 192 кг, икки курашда эса 351 кг натижа қайд этиб, кумуш медални қўлга киритди.
Фикрлар