Хави: Якшанба куни трибунадаги мухлислардан бирига айланаман (Таъсирли хат)

Хави "Барселона"ни тарк этишини эълон қилди. 

Испаниялик мутахассис ўзининг инстаграм саҳифасида таъсирли хат ёзди ва унда жамоани тарк этаётганлигини айтиб ўтди: 

- Ҳурматли клуб мухлислари. "Барселона" бош мураббийи сифатидаги ишим якшанба куни тугайди. Ҳаётимни бағишлаган клубни тарк этиш осон эмас, лекин мен иккинчи уйим бўлиб қолган жамоа бошқарувида икки ярим йил ишлаганимни ғурур билан айта оламан. 

- Мен футболчилик ва мураббийлик давримда доимо қўллаб-қувватлаган мухлисларга раҳмат айтмоқчиман. 

- Якшанба куни ўзим ҳам трибуналардаги мухлислардан бирига айламан. Хоҳ "Олимпик" ва ёки "Камп Ноу"да бўлишидан қатъи назар. Сабаби, мен ўйинчи ва мураббий сифатида биринчи навбатда "Барселона"нинг мухлисиман ва ушбу клубга фақат яхшиликларни тилайман. 

- Бу мавсум ўзим истаганчалик бўлмади. Бироқ биз бирлашдик ва барчамиз "Барселона" мухлисларини илҳомлантирган Ла Масиадан ёш ўйинчиларнинг янги авлоди етишиб чиқишига ёрдам бердик. 

- Мен барчага: мухлисларга, футболчиларга, ходимларга, клуб президентига, директорлар кенгаши ва спорт директорларига ҳамда матбуотга икки ярим мавсумлик саёҳатни баҳам кўрган барчага миннатдорчилик билдираман. 

- Юрагимдаги клубга омад тилайман. Яшасин "Барса". 


Қайд этиш лозим, бир ой аввал испаниялик мутахассис ҳамда Лапорта матбуот анжумани ўтказган ва унда Хави камида 2025 йилнинг ёзигача "Барселона"да қолиши борасида келишиб олинганди. Бироқ орада раҳбарият билан низо келиб чиқди. 

Гап шундаки, испаниялик мутахассис "Барселона" "Реал", ПСЖ ва "Сити" каби клублар билан рақобатлаша олмаслиги, бунга клубнинг молиявий ҳолати йўл қўймаслиги ҳақида матбуот анжуманида фикр билдирган. Клуб президенти Жоан Лапорта бундан ғазабланган. Президентнинг фикрича, клуб Хавига ўзи истаган кўплаб футболчиларни жамоага олиб келган ва молиявий қийин ҳолатда бўлишидан қатъи назар бир қатор топ футболчилар билан шартнома имзоланган. Хавининг матбуот анжуманида билдирган фикри функционерни қаттиқ ғазаблантирган. 

Бундан ташқари, Хави ва клуб спорт директори Деку ўртасидаги муносабатлар ҳам у қадар яхши бўлмаган. Бразилиялик анча вақтдан буён Хавини жамоадан кетказиш тарафдори бўлган. 

Қайд этиш лозим, испаниялик мутахасс "кўк-анорранглилар"ни 2021 йилнинг ноябридан буён бошқариб келмоқда. Шу вақт ичида у клуб билан Ла Лига ҳамда Испания суперкубогида зафар қучди. 

У футболчи сифатида "Барса" сафида тўрт карра Европа Чемпионлар лигаси, 8 карра Ла Лига, 6 карра Испания Суперкубоги, 3 карра Испания кубоги ва 2 каррадан УЕФА суперкубоги ва Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати совриндори ҳисобланади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!