Хитойликлар энди Витселга ҳам “оғиз солишяпти”

Санкт-Петербургнинг “Зенит” клуби ярим ҳимоячиси Аксель Витсель фаолиятини Хитой Суперлигасида давом эттириши мумкин. Аниқроғи, Бельгия терма жамоаси аъзоси Чин юрти клубларининг трансфер рўйхатидан жой олган.

La Stampa нашри журналисти Массимилиано Нероззининг “твиттер” саҳифасида ёзишича, хитойликлар 27 ёшли футболчи учун йиллик 18 миллион евро маош тўлашга тайёр.

Эслатиб ўтамиз, Туриннинг “Ювентус” клуби Витселни анчадан буён кўз остига олиб юрибди ва бу жамоа бу борада фаворид ҳисобланади.