Холандга таслим бўлмаган бир жамоа қолди
2026 йилнинг илк учрашувида “Манчестер Сити” футболчилари Премьер-лига дебютанти “Сандерленд” майдонидан голсиз дуранг билан қайтишига тўғри келди.
Лиге тўпурари Эрлинг Холанд бу гал ҳам “Сандерленд” дарвозасини ишғол қила олмади. Норвегиялик ҳужумчи учрашув давомида рақиб дарвозасига икки марта зарба берди, аммо мақсадига эриша олмади.
Шу тариқа, “Сандерленд” Англия Премьер-лигасида Холандни тўлиқ тўхтата олган ягона жамоа бўлиб қолмоқда, деб хабар беради BBC.
“Манчестер Сити”нинг юлдузли форварди АПЛ доирасида ўзи тўқнаш келган қолган 23 та жамоанинг барчасига камида биттадан гол урган.
Эслатиб ўтамиз, “Сандерленд” жорий мавсум бошланишидан олдин яна олий дивизионга қайтган эди. Декабрь ойи бошида “Манчестер Сити”га қарши ўтган аввалги ўйинда Режис Ле Брис шогирдлари 0:3 ҳисобида мағлуб бўлган, аммо ўшанда ҳам Холанд гол муаллифлари қаторида бўлмаган эди.



Фикрлар