Хомяков "даҳшатли" водий дербисидан кейин нима деди?

 

“Нефтчи” – “Андижон” (2:2) ўртасидаги водий дербисидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Александр Хомяков матбуот анжуманида бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Бу ўйинда ғалабани қанчалик ушлаб қолишга ҳаракат қилмайлик, барибир уддасидан чиқа олмадик. Афсуски, тўп ўтказиб юборганимиздан кейин назоратни йўқотдик. Рақиб хатоларимиздан фойдаланиб, бизни жазолади. Жуда аламли бўлди. Ютишни ниҳоятда хоҳлагандик.

- Захирадан майдонга тушган футболчилар ўзларини қанчалик оқладилар?

- Бу борада ҳозир фикр билдиришим анча мушкул. Аввал вазиятларни тўлиқ ўрганиб чиққанимдан кейин гапиришим мумкин. Учрашув давомида учта ҳимоячи билан ҳам ўйнашга мажбур бўлдик. Вазиятдан келиб чиқиб яна бир марказий ҳимоячини ҳам майдонга туширдик. Ҳаводаги тўп учун курашларда яхши ҳаракат қилаётгандик. Баъзи жойларда камчиликлар кўриниб қолди. Биз майдон марказини тўлиқ назорат қила олмай қолдик. Шундай экан, ҳозирги қизғин пайтда ҳолатни тўлиқ изоҳлаб беришим қийин. Балки айрим вазиятларда хатоларга йўл қўйгандирман ёки футболчи алмаштираётганимизда бошқачароқ йўл тутишимиз керакдир.

- Жамоа эрта ҳимояга ўтиб олди. Шунингдек, беллашувнинг энг яхши футболчиси ким?

- Тўғри, аммо фақат ҳимояга ётиб олиш ҳақида топшириқ бўлмаган. Фақат ўрни келганда ҳимояланишимиз ҳам керак эди. Биринчи таймда анча ақлли ҳимояландик. Битта стандарт вазиятни ҳисобга олмаганда қолган ҳолатларда рақибга деярли имконият қолдирмадик. Кучли рақибга қарши ўйнаш анча қийин бўлди. Иккинчи бўлимни ҳам худди биринчиси каби давом эттираётгандик. Қарши ҳужумларни ҳисобга олгандик. Чунки рақиб ҳужумга ўтишини билардик. Майдоннинг иккинчи қисмида янада яхшироқ ҳаракат қилишимиз керак эди. Лекин унутмайликки, “Нефтчи” ҳам класс бўйича даражаси юқори жамоа ҳисобланади. Улар ўз ўйини билан бизни хато қилишга мажбур қилдилар. Қарши ҳужумларга ўтиб кетишни режалаштиргандик. Бироқ бу иккинчи бўлимда тўлиқ ўхшамади.

- “Нефтчи”да энг яхши ўйинчи деб кимни айта оласиз?

- Бир нима дея олмайман. Мен “Нефтчи” ўйинчиларини кузатмадим. Фақат ўз футболчиларимга эътибор қаратдим.

- У ҳолда “Андижон”дан кимни энг яхшиси деб айта оласиз?

- Алоҳида кимнидир айтишим қийин. Барча йигитлар яхши ўйин кўрсатдилар. Биз умумий сифатни яхшилашимиз керак. Бу учрашувда айрим нарсалар етишмай қолди. Ҳужумкор ўйин бўлди.

- Охирги дақиқаларда жамоангиз нима учун фақат ҳимояга эътибор қаратиб, ўйинни “ташлаб” юборди.

- Биз интенсив футбол ўйнаяпмиз. Жамоавий ўйинимиздаги муаммоларимизни ўзим яхши биламан.

- Жисмоний томондан тўлиқ тайёр эмасдек кўринди...

- Қандай қилиб? Улар жисмоний жиҳатдан ўйинга тайёр эдилар. Ким қанча югурганини ҳам кўриб чиқишимиз мумкин. Тўғри, айрим камчиликларимиз бор. Шуларни бартараф эта олсак, ишонинг, жамоа жуда ҳам зўр ҳолатга чиқиб олади. Ҳозирча аста-секинлик билан бўляпти.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!