Хомяков Муборакка қайтадими? "Машъал" карантин даврида футболчиларига ойлик маошларини тўлашда давом этадими? Клуб бош директори масалага ойдинлик киритди

Икки йиллик танаффусдан сўнг яна кучлилар орасига қайта олган Муборакнинг “Машъал” жамоаси Суперлигадаги дебют мавсумини ёмон бошламади. Ортда қолган учта турдан кейин уларнинг ҳисобларида биттадан ғалаба, дуранг ҳамда мағлубият бор. Шуни унутмаслик лозимки, муборакликлар асосан маҳаллий тарбияланувчиларининг хизматига таянишмоқда. Уларнинг орасига эса бир қатор легионерлар қўшилганини ҳам унутмаслик даркор.

Яна бир эътиборли томони эса бу мураббийлар масаласи билан боғлиқ эди. Маълумки, айни пайтда “Машъал”нинг мураббийлар штабида Дилявер Ваниев, Зоир Тўрақулов, Ботир Қораев кабилар фаолият кўрсатишмоқда. Аммо охирги пайтларда “Андижон”ни тарк этган Александр Хомяковнинг “Машъал”га қайтиши мумкинлиги борасида ҳам гап-сўзлар йўқ эмасди.

Барча яхши биладики, ушбу мутахассис 10 йил давомида “Машъал” клубида ишлаган ҳолда ўзидан яхши таассурот қолдирганди. Фақат ўтган мавсумнинг ярмида Суперлигада ишлаш истагида бўлгани сабабли “Андижон” таклифини қабул қилганди. Муборакликлар эса Суперлигага чиқишгач, энди уларга ҳам малакали мутахассис зарур бўлиши тахмин қилинаётганди. Айниқса, Хомяковнинг “Андижон”дан кетганидан сўнг унинг қайси клубда ишлаши қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хўш, у собиқ клубига қайтадими? Шу масала бўйича “Машъал” клубининг бош директори Илҳом Қурбонов билан боғланганимизда, вазиятга қуйидагича муносабат билдирди:

- Тан оламан, йил бошида Хомяковни “Машъал”га қайтариш ниятимиз бор эди, - дея гап бошлади Қурбонов. - Шу мақсадда, “Андижон” клуби раҳбарияти билан алоқага чиқиб, бош мураббийни қайтариш масаласида гаплашгандик. Аммо ўша пайтда улар Хомяков ўзимизга ҳам керак, деб рухсат беришмаганди. Бунинг устига Александр Андреевичнинг “Андижон” билан амалдаги шартномаси ҳам бор эди. Шунинг натижасида мураббий шартномасининг охиригача ишлайди, дейишганидан сўнг бу масала ёпилганди. Шартнома бандида эса уни бекор қилиш учун тўланадиган товон пули ҳам бўлади. Ўшанда бу масалани ҳам гаплашамиз, деб айтгандим, шунда ҳам қўйиб юборишга рози бўлишмаган. Ҳозирги кунда эса клуб билан ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Тўғри, Хомяков билан дўстмиз, 10 йил давомида бирга ишладик. Ўртамизда илиқ муносабат сақланиб қолгани сабабли ҳафтада бир-икки марта гаплашиб, ҳол-аҳвол сўраб турамиз ёки бўлмаса иш жараёни хусусида маслаҳатлашамиз. Лекин шу кунгача у билан бирор марта қаерга кетяпсан ёки қаерда ишлайсан, деб гаплашганимиз йўқ. Ҳозирда эса ўзимиздаги мураббийларимиз ёмон ишлашаётганлари йўқ. Тўғри, жўжани кузда санаймиз, деган гап бор. Ҳали етакчилар билан ўйнамаган бўлсак-да, ўйинимиз чакки эмас. Аммо ҳали ортда қолган учта турдан кейин аниқ бир хулоса чиқариш ҳам қийин. Шундай экан, ўзимизнинг мураббийларимиз эплаб туришибдими, демак Хомяковни қайтариш ниятимиз йўқ. Аммо юқорида айтганимдек, фақат мавсум аввалида олиб келмоқчи эдик, энди эса вазият ўзгарди.

Ўйлаймизки, Хомяков масаласида “Машъал”нинг позицияси маълум бўлди. Энди яна бир жиҳат борки, бизнингча, бу барча клубларни ўйлантираётган бўлса керак. Яъни, ҳозирги карантин даврида клуб футболчиларга ойлик маошларини тўлашда давом этяптими? Бу борада “Машъал” қандай йўл тутмоқда? Ушбу масалага ҳам Қурбонов ўз муносабатини билдирди.  

- Бу масалага икки томонлама ёндашиш керак. Масалан, футболчининг ҳам оиласи, бола-чақаси бор. Шартнома тузилаётганда эса бундай карантин бўлишини ҳеч ким ўйламаганди ҳам. Агар мен футболчига ойлик маош тўламайман десам, у оиласини қандай боқади, деган савол туради. Энди масаланинг иккинчи томонига қарасак, ҳозирги карантин даврида клуб ўйинчига ойлик маош тўласа, бундан жамоага қандай фойда бор? Энди битта йўли қоляпти, у ҳам бўлса, клуб футболчилар билан гаплашиб, вазиятни маслаҳатлашган ҳолда қандайдир чорасини кўриш. “Барселона”ни кўриб турибсиз, уч ой давомида футболчиларга тўланадиган ойлик маош сақланиб қоладиган бўлса, клуб банкрот деб эълон қилиниши мумкин деган хабарларни ҳам ўқияпмиз. Чунки футбол тўхтатилгани сабабли клуб ҳеч нимадан фойда олаётгани йўқ. Бизда ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Аммо эртага биз билан шартнома тузган футболчилар шу масала бўйича эртага ФИФАга ёзадиган бўлишса, улар ютиб чиқишади. Бундай пайтларда шартномалар масаласида кўпроқ ўйинчиларнинг фойдаси ҳимоя қилинади. Шу боис ҳозирда бу борада аниқ бир гап айтишим қийин. Карантин умуман режадан ташқари ҳолатда юз берди. Аммо биз бу вазиятда яна ўйлаб кўрамиз ҳамда икки томонга ҳам қулай вариантини маъқуллаймиз. Жамоамиздаги легионерларимиз ҳам карантинда. Қолган ўйинчиларимиз эса уйларида. Аммо ҳеч ким карантин қачон тугашини билмайди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!