Хоразм ўғлони чемпионлик жанги, ўзбек ММА "легенда"лари ва тожикистонлик спортчи билан реванш ҳақида гапирди
24 июнь куни Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида “Октагон 46” турнири ташкил этилди ва унда жанг қилган ҳамюртимиз Сухроббек Отажонов (5-1) қозоғистонлик Алишер Газизни бўғиш услуби билан мағлуб этган ҳолда, унга илк мағлубиятини тақдим этганди. Албатта, ушбу юртдошимиз анчагина иқтидорли ва у октагон промоушени чемпионлигига ҳам даъвогарлик қилса, ажаб эмас. Хуллас, биз ушбу жангчимиз билан боғланиб, қисқача суҳбатда бўлдик.
- Ассалому алайкум. Сухроббек сўнги жангингиздаги чиройли ғалаба билан табриклаймиз!
- Ассалому алайкум. Раҳмат.
- “Октагон 46” турниридаги рақибингиз Алишер Газиз ҳақида қандай фикрдасиз?
- Яхши спортчи, курашим кучли бўлгани учун унинг устидан ғалаба қозондим, деб ҳисоблайман.
- Демак, баъзангиз кураш?
- Ҳа, эркин кураш.
- Адашмасам фаолиятингизда битта мағлубият тожикистонлик жангчида қабул қилиб олинган. У билан реванш истаги кучли бўлса керак?
- У билан реванш қизиқ эмас. Чунки олдимизга бошқа жангга тайёргарлик турибди.
- Янглишмасам сиз Дубайда Ҳусан Мажлимов қўл остида ҳам шуғуллангандингиз?
- Албатта, Ҳусан акани қўл остида машғулотлар олиб бордим. Жуда яхши инсон ва тажрибали мураббий, деб биламан.
- Дубайда UFC чемпиони Алджо Стерлинг билан спаррингда иштирок этганмидингиз?
- Стерлинг билан спарринг қилмаганман. Чунки унинг жангига саноқли кунлар қолган эди. Улар жароҳатдан қўрқиб, фақат ўзларининг жамоасидагилар билан ишлашган. Мени унга курашда ёрдам беришимни сўрашган.
- Фаолиятингизни Октагон промоушенида давом эттирасизми ёки янада жиддий чорловлар борми?
- Ҳозирча Октагон лигаси чемпиони бўлишни мақсад қилганман.
- Ўзингизни вазн тоифангизда (61,2 кг) ўзбекистонлик 3 та энг кучли жангчилар деб кимларни биласиз?
- Тўғрисини айтсам, мен ўзимизнинг жангчилардан кўра, жаҳон рейтингидан ўрин олганларни кўпроқ кузатаман. Шу учун бу борада бирор фикр билдира олмайман.
- Унда жаҳон ММА оламидаги ўз вазнингизда сиз хавас қилган ва ёқтирган 3 жангчи кимлар?
- Пётр Ян, Умар Нурмагомедов, Алжамейн Стерлинг.
- Бу вазн тоифасида ҳамюртимиз Саидёқуб Қаҳрамонов ҳам бор...?
- Албатта, Қаҳрамоновни ҳам кучли жангчи деб ҳисоблайман.
- Мураббийингиз Дмитрий Худяков ҳақида қандай таассуротлар билан ўртоқлаша оласиз?
- Албатта, ижобий фикрдаман. Нафақат яхши мураббий балки ажойиб инсон!
- Сизнинг наздингизда Ўзбек ММА оламининг учта легендаси кимлар?
- Мурод Хонтўраев, Нурсултон Рўзибоев ва Суннат Илясов.
- Навбатдаги жангингиз қачон ва Октагон промоушени чемпионлиги учун яна нечта жанг ўтказишингиз лозим бўлади?
- Насиб қилса, сентябрь ойида Октагон лигасида чемпионлик жангим бўлади.
- Ўзи умуман ўта енгил (61,2 кг) вазнда Октагон лигаси чемпиони ким ва сентябрда ушбу чемпионга қарши жанг қиласизми?
- Вазн тоифамизда қирғизистонлик Илимбек Аклбек Уулу чемпион эди. У АҚШга йўл олмоқда ва чемпионлик камари вакант бўлиб қолади. Шунда чемпионликка даъвогар яна бир рақибга қарши титул учун жанг қиламиз.
- Бу борада сизга омад тилаймиз!
- Катта раҳмат!
Фикрлар