Хоразмликларга футбол керак эмасми?!

Барчамизга маълумки, яна саноқли кунлардан сўнг Ўзбекистон Про-лигасига ҳам старт берилади. Табиийки мухбир сифатида ушбу мусобақада иштирок этадиган кўплаб жамоалар билан мавсумолди тайёргарликлар, режалар ва мақсадлар ҳақида гаплашдим. Очиғини айтиш лозимки, йил бошида Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ушбу лигада иштирок этувчи жамоаларга ҳам ҳудди Супер лига вакилларига қўйилгани каби махсус талаблар қўйилган эди. Булар асосан стадионнинг талаб даражасида эканлиги, жамоанинг моддий-техник базаси ва молиявий барқарорлигидан иборат. Бироқ, Про-лиганинг барча иштирокчиларида ҳам юқоридаги талаблар тўлиқ бажарилмаган.

Жумладан, узоқ ва шонли тарихга эга “Хоразм” жамоасида бу сафар ҳар йилгидан ҳам ахвол оғирроқ. Ўзини таништиришни истамаган клубга яқин манбаа чемпионат бошланишига 10 кун қолганига қарамай жамоага ҳамон ҳомий топилмагани ва смета тасдиқланмаганлигини куйиниб гапирди. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: Хоразмликларга футбол керак эмасми?! Рўзимбой Аҳмедов, Жамшид Искандеров ва Жалолиддин Машарипов каби истеъдодларни тарбиялаган Хоразм вилоятида футбол ўлдими?

Юқоридаги саволни биринчи навбатда вилоят раҳбарлари ўзларига беришлари керак эмасми? Ахир футбол бу миллионлар ўйини, Хоразм аҳли ҳам футболни севади, футбол билан яшайди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқнинг кайфиятини ўйлаб, куну-тун меҳнат қилаётган бир пайтда наҳотки хоразмлик раҳбарлар ушбу ишга панжа ортидан қарашса?!

Вилоятнинг “қаровсиз” қолган бош жамоаси мана бир неча йиллардан буён “номига” сақланиб турилганлиги ҳам барчага маълум. Футболга меҳр қўйган ва келажакда Ўзбекистон футболини дунёга танитишни мақсад қилган хоразмлик ёшлар учун маҳаллий жамоанинг бундай аҳволга келиб қолганлиги уларнинг футболга бўлган меҳрини совутмайдими?

Хоразм вилояти раҳбарлари юқоридаги фикрларни ўқиб, ўзлари учун тўғри ҳулоса чиқаришларига ва “Хоразм”нинг яна шонли даврини қайтариш учун амалий ёрдам беришларига умид қилиб қоламиз.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!