Хориждаги таклифларга аҳамият бермайман, чиройли голлар уришга қизиқаман - БАТЭнинг қаҳрамонига айланган Шаҳбоз Умаров Sports.uzга яна нималар деди?

Кеча Беларусь чемпионатида навбатдаги тур доирасида беллашган БАТЭ “Гомель”ни қабул қилди. Голларга бой тарзда ўтган учрашувда мезбонлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Эътиборлиси шундаки, ҳамюртимих Шаҳбоз Умаров захирадан майдонга тушибоқ икки дақиқа ичида иккита гол урди. Голлари эса бир-биридан чиройли чиқди. Бугун БАТЭдаги легионеримиз sports.uz мухбири билан суҳбатлашди.

- Шаҳбоз, “Гомель”га қарши баҳсда захирадан майдонга тушиб ўйин суратини ўзгартириб юбордингиз. Икки дақиқа ичида иккита гол! Буни қандай уддаладингиз? Ўзингиз ҳам кутмагандингизми?

- Лекин гол уришимга ишонгандим. Тан оламан, икки дақиқа ичида иккита гол ураман деб кутмагандим.

- Айниқса, биринчи голингиз жуда чиройли чиқди. Ўтган йили БАТЭ дарвозасига жарима зарбасидан киритган голингиз билан солиштирганда қай бирини устун қўясиз?

- Киритган иккала голимнинг ҳам ўзига яраша чиройи бор. Шунинг учун бирортасини ажратиб кўрсатишим қийин.

- Майдонга тушаётганингизда мураббийнинг сизга кўрсатмаси қандай бўлган?

- Майдонга тушишимдан аввал гол уришим кераклигини ва жамоани олдинга тортишим муҳим экан ҳақида уқтирган. Иложи борича кўрсатмаларни бажаришга ҳаракат қилдим.

- Голларингизни атайин чиройли уришга ҳаракат қиласизми ёки бу тасодифми?

- Йўқ, тасодиф демаган бўлардим. Рости, чиройли голлар уришга жуда қизиқаман, шунинг учун бўлса керак.

- Мухлислар ўртасида ташкил этилган сўровномада БАТЭ сафида киритган илк голингиз март ойида энг чиройлиси дея тан олинди. Бу сафаргиси ҳам шундай бўлишига умид қиляпсизми?

- Бунга ишонаман, албатта. Чемпионатнинг дастлабки турида урган голим чиройли комбинация эвазига биринчи ўринга қўйилди. Кечаги голим эса ўзининг чиройи билан юз берди.

Умаров1

- Беларусь матбуотида сизга эътибор қандай? Масалан, кечаги ўйиндан кейин...

- Эътибор жуда яхши. Мендан журналистлар кўп интервью олишяпти.

- Дарвоқе, имиджингизни ўзгартирибсизми?

- Ўзгармаган, ўша-ўша (кулади).

- Биламизки, сизни терма жамоада тўп суришга иштиёқингиз баланд. Кечаги киритган голларингизни Вадим Абрамов кўрган деб ўйлайсизми?

- Албатта.

- Демоқчиманки, унинг сизни термага чақиришига қанчалик ишонасиз?

- Тўғрисини айтадиган бўлсам, ҳозир бу ҳақида умуман ўйламаяпман. Чунки мен ҳали ўз устимда жуда кўп ишлашим кераклигини биламан. Терма жамоада тўп суриш – бу катта мақсадлар ва фақат ғалаба дегани. У ерда кучли футболчилар йиғилган. Шунинг учун аввало ўз устимда ишлаб, маҳоратимни янада оширишим керак.

- БАТЭдаги яқин дўстингиз ким?

- Сизга очиғини айтсам, клубдаги барча футболчилар билан жуда яхши муносабатдаман. Кўпроқ жамоанинг етакчилари билан ҳам алоқаларим зўр. Бу ерда ўзимни қулай ҳис қиляпман. Қолаверса, жамоадаги шароитлар ҳам зўр. Машғулотларни базада олиб борамиз. Ҳаммаси яхши.

- Бу йил тўпурарлик асосий мақсадингизми?

- Ҳа. Тўпурарлик билан бирга ассистентлик қилиш ҳам асосий вазифаларимга киради.

Умаров2

- Эшитишимча, сизнинг хизматингизга хориждан қизиқишлар пайдо бўляпти экан. Сир бўлмаса, қайси клублардан чорловлар мавжуд?

- Бунга аҳамият бермайман. Бундай масалалар билан шуғулланадиган одамлар бор. Мен эса фақат майдонга чиқиб ўз ишимни бажаришга ҳаракат қиламан.

- Умуман айтганда, қайси чемпионатга кетишни истайсиз?

- Ҳозир энг кучли чемпионат – бу Италия.

- “Шахтёр”га ўтган Шаҳзод Убайдуллаев у ерга мослашишида ёрдам берганингиз ҳақида айтганди. Унинг ўз клубидаги имконияти ва келажаги хусусида нима дея оласиз?

- У жуда яхши ва тезкор футболчи. Албатта, ҳозирда Убайдуллаев майдонда кам кўриняпти. Агар унга имконият берилса, албатта майдонни голсиз тарк этмайдиган ҳужумчи. У менинг яқин дўстим. Доим бир-биримизга ёрдам беряпмиз.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
solijon bobokulov
04/04/2021 21:02
Мазмунли интервью учун алоҳида раҳмат! Шахбоз укам ўз устингда ишлашдан чарчама!
solijon bobokulov
04/04/2021 21:01
Мазмунли интервью учун алоҳида раҳмат! Шахбоз укам ўз устингда ишлашдан чарчама!

Минбар

Барча блоглар