Хорижлик мураббий: Яхшибоев масжиддан келибоқ, гол уриб берганди...

Қозоғистон Премьер-лигасида йил кашфиётларидан бири Жасурбек Яхшибоев бўлди. 2024 йилнинг бошида амалдаги чемпион “Ордабаси” жамоасига қўшилган ўзбек футболчиси дебют мавсумидаёқ жамоа етакчиси ва тўпурарига айланди.

Айни пайтда Украинанинг “Кривбасс” жамоасини бошқараётган таниқли мураббий Юрий Вернидуб Қозоғистоннинг fanday.kz сайтига берган интервьюсида илгари ўз қўл остида ўйнаган ўзбекистонлик Жасурбек Яхшибоев фаолиятини кузатиб бораётганини маълум қилди.

Sports.uz портали украиналик мутахассиснинг легионеримиз ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўзбекстонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.

– Юрий Николаевич, сизнинг қўл остингизда тўп тепган Жасурбек Яхшибоев ҳақида нималар эсингизда қолган?

– Илк бор уни Беларусь чемпионатида Солигорскнинг “Шахтёр” жамоасини бошқарганимда кўрганма. Ўшанда Яхшибоев “Энергетик-БГУ”да ўйнарди. Ўша жамоада уч нафар ўзбек футболчиси – Жасурбек Яхшибоев, Шаҳбоз Умаров ва Ҳумоюнмирзо Эминов бор эди. Уларнинг ҳаммаси топ ўйинчилар бўлган.

Ўшанда бунақа футболчиларни қаердан топишади, деб ўйлаганман. Ўзбек футбол мактаби жуда сифатли ҳисобланади.

Охир-оқибат биз “Шахтёр”га Яхшибоевни олдик. Жуда иқтидорли ўйинчи, техникаси, тезлиги, майдонни кўра олиш қобилияти жуда яхши даражада. Айниқса, чап оёқ зарбасини алоҳида таъкидлаш керак. У барча стандартларни ижро этиши мумкин  ва ўйинда ҳам ҳар икки оёқда аниқ ва кучли зарба бера олади.

– Яхшибоевнинг кучли томонларини айтдингиз, у қайси жиҳатларини кучайтириши керак?

– Бироз жисмоний тайёргарлигини кучайтириши керак.Бундан ташқари, Жасурбек ҳимояда ҳам охиригача курашишни ўрганса, яхши бўларди. У менинг жамоамдан марказий ҳужумчи ёки 10-рақам позицияда ўйнарди. Айнан мана шу ҳолатда ортга қайтиб, ҳимояда ишлашни охирига етказмаган. Шунинг учун ундан кўпроқ марказий ҳужумчи сифатида фойдаланиш яхши ечим.

– “Ордабаси”да уни марказий ҳужумчи эмас, кўпроқ ўнг қанот ҳужумчиси сифатида ўйнатишяпти...

– Ҳозир майдонда шунақа тенденция пайдо бўлган. Футболчи чап оёқда зўр ўйнай олса, уни ўнг қанотга қўйишади ёки аксинча. Бу ўйинчи марказга кўчиб, кучли оёғида дарвозага зарба бериши учун қилинади. Бунга Лионель Мессини мисол қилишимиз мумкин.

– Яхшибоев ҳақида яна қанақа қизиқарли нарсалар айтиб бера оласиз?

– Жасур – мусулмон. Мен ҳамма динларни ҳурмат қиламан. Бироқ мусулмонларга қўйиладиган талаблар, насронийларникидан фарқ қилади. Уларда Рамазон ойи бор ва улар кундузи ҳеч нарса истеъмол қилмайди. Қуёш ботганидан кейин енгил бирон нима еб олади.

Рамазон тугаганидан кейин футболчилар бироз бўшашиб қолади. Бу ҳолатда мен уларни тушунишга ҳаракат қиламан ва Яхшибоевга бошқаларга қараганда камроқ юклама берардим.

Солигорскда масжид йўқ, фақат Минскда бор. Бир марта ўйин куни Яхшибоев масжидга бориб келишга рухсат сўради ва “Бормасам, ўйнай олмайман”, деди. Бориб-келишига рухсат бердим. Чунки бир ярим соатлик йўл эди.

Жасур Яхшибоев масжидга бориб келиб, учрашувда зўр ўйнаб берди ва гол ҳам урди. Балки ибодат ҳақиқатан натижага эришишига ёрдам берар, деб ўйлаб ҳам қолдим.  

Давоми бор...

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!