Хосе Венансио: Эронга қарши ўйиндаги ғалаба Жаҳон чемпионати олдидан жамоамизга яхши таъсир кўрсатади
Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси бош мураббийи Хосе Венансио Лопес ва учрашувнинг энг яхши ўйинчиси Суннатулла Жўраев Вьетнамга қарши баҳсдан кейин матбуот анжуманида иштирок этди
Хосе Венансио Лопес:
— Аввало ярим финалга йўл олганимиздан жуда хурсандман. Вьетнам терма жамоаси ва бош мураббий Диегони яхши ўйин кўрсатгани билан табриклайман. Учрашув икки жамоа учун ҳам оғир бўлди. Аммо қийинчиликларга қарамасдан, ўйинни назорат қила олдик. Баҳс якунланишига 55 сония қолганида ғалаба голини урдик. Рақибда ҳам етарлича имкониятлар бўлди, айрим вазиятларда бизга омад кулиб боқди. Айтишим мумкинки, ушбу терма жамоа ярим финалда бўлишга ҳақли.
Жамоа мағлубиятдан қандай чиқиб кетгани ҳақида
— Тўғрисини айтсам, ҳеч қандай алоҳида тактика ишлаб чиқмадик, фақат ҳимоямиздаги баъзи камчиликларни бартараф этдик. Шунингдек, дарвозабонимизга ҳужумларга кўпроқ қўшилиши кераклигини айтдим. Ғалабага сабаб бўлган ягона жиҳат бу жамоанинг руҳий ҳолатидир. Футзалчиларимиз қандай ҳолатда бўлишмасин, доимо муваффаққият учун курашадилар.
Учрашувга тайёргарлик ва Эронга қарши баҳс ҳақида
— Биз ушбу ўйинга руҳий жиҳатдан жуда яхши тайёргарлик кўрган эдик. Баҳс давомида ҳам айнан шу сабаб ғалаба қозондик. Ҳатто гол ўтказиб юборганимиздан кейин ҳам шогирдларим ўйинни хотиржам давом эттиришди ва назоратни йўқотишмади.
Эронга қарши баҳс жуда қийин ва мураккаб бўлиши аниқ, бироқ биз ўз потенсиалимизга ишонамиз. Уларга қарши ўйиндаги ғалаба Жаҳон чемпионати олдидан жамоамизга яхши таъсир кўрсатади.
Суннатулла Жўраев:
— Бутун ўзбек халқини ғалаба билан табриклайман, бундан жуда хурсандмиз. Оғир учрашув ўтказдик, бироқ ўз ўйинимизни топиб олдик ва ғалаба қозондик. Жамоамиз жуда яхши ҳолатда ва финалга чиқиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.
Фикрлар