Хуршид Ғиёсов: "Нефтчи"да тўп суриш мен учун катта шараф"
Хабарингиз бор, "Нефтчи" клуби янги мавсум учун селекция ишларини олиб бормоқда.
Амалдаги чемпионнинг мақсади 2026 йилда ҳам чемпионлик камарини ўзида сақлаб қолмоқчи. Қолаверса, Осиё Чемпионлар лигаси Элит мусобақасида ҳам муносиб қатнашишни мақсад қилган.
"Нефтчи"га янги қўшилаётган футболчилар орасида Хуршид Ғиёсов ҳам бор. Ажойиб ўйинчи бунгача ОКМК шарафини бир неча мавсум давомида ҳимоя қилиб келди. Энди эса у бор эътиборини "Нефтчи"га қаратади.
Маҳоратли ижрочи "Нефтчи"га ўтганидан кейин клуб матбуот хизматига дастлабки фикрларини билдирди.
"Аввало, Фарғона шаҳрига ва “Нефтчи” футбол клуби мухлисларига ўз саломимни йўллайман. Бу ерга келишимдан асосий мақсад — Осиё Чемпионлар лигаси, Ўзбекистон чемпионати ҳамда мамлакат Кубогида жамоа билан биргаликда максимал натижаларга эришишдир.
“Нефтчи” — катта тарихга эга, ўтган мавсумда чемпионликни мутлақо ҳақли равишда қўлга киритган жамоа. Айнан шундай амбицияли клуб сафида тўп суриш мен учун катта масъулият ва шараф.
Фарғонага келишимда вилоят ҳокими ҳамда клуб бош директори Мансур ака Тошматов муҳим роль ўйнашди. Клубда футболчи учун барча шароитлар максимал даражада яратилаётганини кўриб турибман. Бу эса ўз олдимизга қўйилган юксак мақсадларга эришиш учун муҳим омил ҳисобланади.
Ўтган мавсумни шахсан ўзим учун муваффақиятли деб баҳолайман. ОКМК жамоаси аҳил, у ерда ҳақиқий профессионал инсонлар фаолият юритади. Уларнинг барчасига самимий миннатдорлик билдираман.
Эндиликда эса бутун эътиборим “Нефтчи”га қаратилган. Жамоа билан биргаликда янада катта марраларни забт этиш ва чемпионликларни давом эттириш йўлида бор кучимни ишга соламан", - дейди Ғиёсов.



Фикрлар