Хусусий футбол. Осиёда бу - утопия! Ëҳуд Европада 8 ғалаба ва 7 очко ортидан топилган 3 йиллик бюджет ҳақида

Профессионал футболни ривожлантиришда икки асосий йўналиш бор: биринчиси, мамлакатнинг бой бўлиши ва футболга чексиз ҳомийлик кафолатини олиши бўлса, иккинчиси - хусусий секторнинг футболга сармоя киритиши. Қайси бири самаралироқ, деган саволга эса турли нуқтайи назар ва тажрибалар билан жавоб бериш мумкин. Масалан, Ўзбекистон мисолида қарайдиган бўлсак, давлат футболга ўз ғазнасидан (солиқ тўловчилар тушумидан) пул берар экан, бу пулларнинг сарфини ҳар доим ҳам назорат қила олмайди. Чуқурроқ қаралса, давлат катта даромадли компанияларга футбол жамоаларини қўллаб-қувватлаш эвазига солиқ ва яна турли имтиёзлар тақдим этади. Яъни, футболга пул бераётганларнинг мақсади футболни ривожлантириш эмас, ваъда қилинган имтиёзларга, умуман футболга алоқаси бўлмаган воситаларга эга бўлиш.

Ҳукумат профессионал футболни молиялаштиришдан оладиган ягона ютуқ бу - халқаро майдонда мамлакат имиджининг ошиши ёки аҳоли учун кўнгилочар тадбирлар сонини биттага ошириш бўлиши мумкин. Европа давлатлари орасида фақатгина Россия шу йўлдан юришда давом этяпти холос. Қолганлар аллақачон иккинчи йўналишга ўтиб бўлишди ёки ўтиш йўлида ҳаракат қилишмоқда. Хўш, иккинчи йўналишдаги приоритетлар биринчисидан нимаси билан фарқ қилади ва нега биз ҳам бу йўлдан юришимиз керак? Бугунги мақола орқали айнан хусусий футбол ва унга икки хил қитъада бўлаётган икки хил муносабат ҳақида фикр юритамиз.

xf_

Ë замон ё макон...

Футболимиз мутасаддилари анчадан буён ҳозирги шароитда (менимча, ҳар доим бир хил шароит назарда тутилади) футболни тўлиқ хусусийлаштириб бўлмаслигини айтиб келишади. Бу ўзбек футболини 5-6, ҳатто 10 йиллаб орқага кетишига сабаб бўлишидан ҳавотирланишади. Аммо, охирида ёруғлик кўринаётган туннелдан эмас, борган сари зулматлашиб бораётган туннелда эканликларини тушунишмайди, ёки тушунишни исташмайди. Мен эса бу ҳавотирлар ва уларнинг хусусий футбол томон қилаётган ҳаракатсизликларини яхши тушунаман. Агар ҳукумат эртадан профессионал футболга пул беришни тўхтатиб қўйса, Суперлига ва Про Лига бирлашганда ҳам битта лигада 10 та жамоа қолмаслигини, шундоқ ҳам одамкирмас стадионлар ташландиқ масканга айланиб кетишини яхши тушунаман. Аммо, яхши ўзгаришлар бўлишига ҳам умид бор. Масалан, бюджет тармоғидан узилганидан бир кун ўтиб, "Пахтакор" Кухарчик қатори бир нечта легионерларига жавоб бериб юбориши, "Сурхон" эса палон-пул тўлаб Тошкентда яшашдан тийилиб, камтарлик билан Термизга қайтиб, майдон сифатини яхшилаш - "беватан" яшашдан арзонроқ ва самаралироқ эканлигини англаши, битта гол ё ғалаба учун машина ва айфонлар бераётган ҳокимнинг энди умуман "Бобур Арена"га келмай қўйиши - яхшиликка эмасми?!

Хусусийлашган клублар келгусида қандай қилиб ўзларини тиклаб олиши фақат вақт ва иқтисод масаласи эмас. (Иккинчи йўналиш) Футболга сармоя киритаётган томон, албатта, молиявий манфаат ҳақида ўйлайди ва камида харажатларининг маълум қисми қопланишини билсагина инвесторга айланиши мумкин. Бунинг учун реклама бозори, футбол аудиториясининг (иқтисодий) харид қобилияти юқори даражада шаклланган бўлиши кераклиги ҳақида жуда кўп айтилган. Лекин, бундай замонни кутиб, нотўғри йўлда турғун туришдан (юришдан, югуришдан) мантиқ йўқ. Биз замонга таъсир эта олмасак, маконни ўзгартира оламиз (менимча тушундингиз). Европада ўзбек жамоалари ва футболчилари ҳукумат ёрдамисиз ҳам "нон топа олишларига" шахсан мен ишонаман.

Европада: 8 ғалаба ва 7 очко келтирган 3 йиллик бюджет.

Таркиби "Пахтакор"никидан атига 1 млн еврога қимматроқ бўлган Молдова жамоаси қандай қилиб 8 ғалаба орқали 3 йиллик бюджетини ишлаб топган эди? 2021/22 йилги УЕФА Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига Тирасполнинг "Шериф" жамоаси ҳам йўл олади. Илк саралаш баҳсларида молдоваликлар Албаниянинг "Теута", Арманистоннинг "Алашкерт", шунингдек ҳал қилувчи ўйинларда "Црвена Звезда" ва Загребнинг "Динамо"сини мағлуб этиб, ўз тарихида иккинчи маротаба ЕЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритишади. Тирасполликлар саралаш баҳсларидаги умумий 8 ўйиннинг 6 тасида ғалаба қозонишади. Кейин эса жамоа қуръа натижаларига кўра, "ўлим гуруҳи"дан ўрин олишади: "Реал Мадрид", "Интер" (Милан) ва "Шахтёр" (Донецк).

"Шериф" гуруҳ баҳсларида 2 ғалаба ва 1 дуранг орқали 7 очко жамғаради ва 3-ўринни эгаллаб, Европа Лигасига йўл олади. Икки ғалабанинг бири Мадридда "Сантиаго Бернабеу" стадионида "Реал" устидан қўлга киритилади ва ўша баҳсда ҳамюртимиз Жасур Яхшибоевнинг ҳам гол ургани барчамиз учун учрашув ва ғалаба аҳамиятини ошириб юборган эди.

Таркибининг асоси легионерлардан ташкил топган "Шериф" жамоаси ўша мавсумда Чемпионлар Лигасида ўтказган ўйинлари орқали 22,9 млн евро ишлаб топади (гуруҳ босқичига чиққанлиги учун 15,6 млн евро, гуруҳдаги ҳар бир ғалаба учун 2,8 млн, дурангга эса 0,9 млн евро). Шунингдек, гуруҳда 3-ўринни эгаллаб, УЕФА нинг 2-даражали мусобақаси саналмиш - Европа Лигасига йўл олиш орқали қўшимча 0,93 млн еврога эга чиқади. Шу тариқа Тираспол шаҳри жамоаси 2021/22 йилги мавсумда еврокубоклар орқали УЕФА дан 23, 8 млн евро олишга эришади. Бу даромадлар сирасига телетрансляция, маркетинг ва чипталар сотувидаги тушумлар киритилмаган.

uefa-prize-money

Маълумотларга кўра, 2018-2021 йилларда "Шериф" трансферлар ва ойлик маошлар учун 18 млн евро сарфлаган. Бундан кўринадики, еврокубокларнинг 2021/22 мавсумидаги натижалар ортидан молдоваликлар 3 йиллик бюджетини ишлаб топишган эди.

rank10

Қайд этиш керакки, "Шериф" каби жамоалар ЕЧЛ гуруҳ босқичига чиқа олишмаган тақдирда ҳам, саралаш ўйинларидаги 2-3 ғалаба орқали камида ярим йиллик харажатларига етадиган пулни ишлаб олишяпти. Европа Лигаси ва Конференциялар Лигасида бериладиган мукофот пуллари ҳам МДҲ жамоалари учун яхши даромад бўла олади.

uefa-el-prize-money

uefa-cl-prize-money

Осиёда 1 йиллик бюджетни ишлаб топиш учун нималар қилиш керак?

Юқоридаги рақамлардан кейин ўзбек жамоалари Осиё майдонларида қандай натижа кўрсатса, "ўз кунини кўришлари" мумкин, деган қизиқ саволга жавоб излашга ҳаракат қилдим. Ўртача битта Ўзбекистон клуби молиявий мустақилликка эришиш учун Осиё Чемпионлар Лигасида камида финалга қадар етиб бориши керак экан. Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан эълон қилинган 2022-йилда энг кўп зарар кўрган ТОП-20 давлат корхоналари рейтингида "Бунёдкор" ва "Пахтакор" жамоалари мос равишда 27,5 ва 25,2 млрд сўм камомад билан ўрин олганлигидан келиб чиқсак, бу бугунги курс бўйича пойтахт жамоалари бир мавсум учун камида $2 032 250 сарфлашини англатади. ОЧЛ финалчиси $2 млн, чемпион эса $4 млн олади. Демак, "Пахтакор" бу мавсум қитъамизнинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақасида финалга қадар етиб борса, йилни камомадсиз якунлаши мумкин экан.

afc-prize

ОФК дек ташкилот ОЧЛ да белгилаган бундай мукофот пулларини кўриш - жуда ачинарли. Қитъамиз футболига масъул кишиларни хусусий футбол мутлақо қизиқтирмайди. Осиёдаги энг катта жамоалар одатда мамлакат фондига ёки давлат улуши бўлган йирик компанияларга тегишли бўлади. Қуйида ОЧЛ да чемпион бўлган сўнгги 10 жамоанинг кимга тегишли эканлигини кўришингиз мумкин. Фақатгина Австралиянинг "Уестерн Сидней" жамоаси хусусий секторга тегишли жамоа сифатида ОЧЛ бош совринини ютган.

afc-prize

Қисқа қилиб айтганда, Осиёда хусусий футбол ҳақида ўйлашдан маъно йўқ. Жамоалар фақатгина трансферлар эвазига мустақил пул топишлари мумкин, аммо ҳар йили юлдузлар қайнаб чиқаётган Япония ва Жанубий Кореяда ҳали ҳам трансфер тушумлари футбол харажатларини тўлиқ қоплай олмаяпти. Балки, улар ҳам "кўҳна қитъа"да бўлганида, ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди...

Икки қитъада футболга бўлган рағбат ва қарашлар турлича эканлиги қитъа футболига масъул ташкилотларнинг приоритетларини яққол кўрсатиб турибди. Европада хусусий ва умуман, барча турдаги футбол жамоалари тўғри ва тизимли меҳнат орқали бир кун сарфлаган пуллари ва вақтини камида молиявий томондан қоплай олишини билишади ва бу улар учун ўз пулларини футболга тикишдаги фундаментал мотивлардан бири ҳисобланади. Кичик шаҳарчанинг камтар жамоалари еврокубоклар орқали "яшашмоқда". Барчага тенг имконият ва муносабат УЕФА да қадрланади. Осиёда эса қутблашиш авж олмоқда. Масалан, ОФК томонидан ОЧЛ Элитанинг ташкил этилиши футбол юлдузларининг фақат катта шаҳарларга боришини, Қарши, Наманган ё Олмалиқ каби шаҳарлар иккинчи даражали мусобақа ўйинларини кўришини англатади. Бу қитъалар футболидаги тафовутнинг биргина мисоли холос.

Азалий орзу...

Афсуски, Жаҳон чемпионатига чиқиш деярли ҳар бир ўзбекистонлик футбол мухлисининг азалий орзусига айланиб қолган. Ҳар бир наманганлик "Навбаҳор"ни ОЧЛда кўришни салкам 30 йил кутгани каби мундиал орзуси ҳам бизга ҳеч нима бермайди. Эътибор беринг, Чемпионлар Лигасига чиққунга қадар наманганликлар стадионни тўлдириб, "ОЧЛ" ёзувли перфоманслар қилишди, аммо, "Навбаҳор"нинг ОЧЛ доирасида Наманганда ўтган икки ўйинида стадион нега ҳувиллаб қолди? Чунки, ҳаммани бирлаштириб турган орзу, умид энди йўқ. . . Аниқроғи унга эришиб бўлинди, бирлаштирувчи кейинги орзу нималиги мавҳум.

Мундиал ҳам шундай орзу бўлиб қолишидан қўрқаман. Биз футболимиз ривожини истаймизми ёки бир турнида иштирок этиш учунгина бу жамоага мухлислик қиляпмизми?

Агар мундиалга чиқиш осонлиги учунгина Осиёда қолиш фикрида бўлсангиз, 2026 йилдан кейин бу мақолани қайта ўқишингиз мумкин.

 

Ушбу мақоладаги барча фикрлар муаллифнинг шахсий қарашларини ифодалайди.

Ҳусан Собитов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
АЛИ
05/11/2023 19:17
UEFA QUSHILISH KERAK YOKI AZO BULISH KERAK YOKI AZO BULMAY BOSHI AYLANADIGAN QUY BULIB YURAVERADI.