XXIV қишки Олимпия ўйинларида Ўзбекистондан нечта спортчи қатнашиши маълум
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 4-20 февраль кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида XXIV қишки Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Унда мамлакатимиз спорт делегацияси ҳам иштирок этиши маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 февралдаги “Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, мамлакатимиз спортчиларининг қишки Олимпия ўйинларига ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўришлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди.
Маълумки, Ўзбекистонда қиш нисбатан қисқа давом этади ва ёғингарчилик ҳам кам бўлади. Бу эса қишки спорт турлари, жумладан, тоғ чанғиси билан шуғулланувчи спортчиларимизнинг мунтазам машғулот олиб боришига тўсқинлик қилади. Шу боис Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Қишки спорт турлари ассоциацияси терма жамоа аъзоларининг йил давомида хорижда ўқув-машғулот йиғинлари олиб боришини таъминлади.
Шу йил 4-20 февраль кунлари Пекинда бўлиб ўтадиган XXIV қишки Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳамюртимиз Комил Тўхтайев ҳимоя қилади. У тоғ чанғи мусобақаларида иштирок этади.
Ҳамюртимизга қардош Хитой давлатида бўлиб ўтадиган мусобақаларда омад тилаймиз.
Фикрлар