Яна 9 нафар боксчимиз кейинги босқичда, бир нафари эса аламли тарзда мусобақани якунлади
Хабарингиз бор, айни кунларда Олимпия шаҳарчасида кичик ўсмирлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтяпти. Кун давомидан 10 нафар боксчимизнинг жанглари ўрин олганди.
-49 кг вазнда бўлиб ўтган баҳсда, Сардор Омонбоев Хитой Тайпейи вакили Зи-Ҳао Лини 5:0 ҳисобида мағлуб этиб кейинги босқичга йўл олди.
Осиёчемпионати тобора қизиқарли тус олмоқда. Кичик ўсмирлар тоифасининг -61 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Азизбек Эгамбердиев ҳиндистонлик Лилмани Сингх Лукрамга қарши жуда қизиқарли жанг ўтказди. Биринчи раундда 5:0 вакилимиз устун келди. Иккинчи раунд Ҳиндистон вакили қўша олди ва 0:5. Ҳисоб тенглашди. Учинчи раундда Эгамбердиев “камбек” амалга ошириб, техник нокаут билан ғалаба қозонди. Шунчаки супер!
-64 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Самандар Жўрабоев ҳам Осиё чемпионатини ажойиб ғалаба билан бошлади. Кичик ўсмирлар терма жамоамиз аъзоси қирғизистонлик Нурсултон Маматисақовга қарши баҳс юритди. Ҳар уч раундда ишончли ҳаракат қилган Жўрабоев 5:0 ҳисобида зафар қучди ва кейинги босқичга йўл олди.
+70 кг вазнда келажаги порлоқ вакилимиз Иброҳим Мирзакаримов ҳам мусобақада юришини бошлади. Икки карра Ўзбекистон чемпиони бўлган ва ҳар иккисида барча жангларини муддатидан аввал якунлаган, Мирзакаримов чемпионатдаги биринчи жангини ҳам биринчи раунддаёқ техник нокаут билан тугатди. Унинг кучли зарбаларига жанубий кореялик Жунгхон Хан дош бера олмади.
Ҳақиқий “панчер”!
Кечки дастурдан урин олган баҳсларда биринчи бўлиб, U 17 ёш тоифасидаги вакилимиз Абдулбосит Юрсинбоев бошлаб берди. У жанубий кореялик Хо Хан Ким билан жанг олиб борди. Бутун раунд мобайнида Юрсинбоев катта устунликка эришди ва 5:0 ҳисобида ғалабага эришди.
-63 кгда вакилимиз Рушен Сайдуллаев иштирокидаги жанг ҳам ўз поёнига етди. У ҳиндистонлик Прадеп Прадепга қарши рингга кўтарилди. Рушен ушбу жангни жуда юқори нотада ўтказди. Ҳар жабҳада рақибидан устун келди. Бирорта раунд бой берилмади.Барчасида яққол устунлик ва табиийки натижа 5:0 кўриниш олди ва Рушен Сайдуллаев кейинги босқичда!
-66 кг да юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Баҳодир Холиқулов Япония вакили Коеи Янагисавага қарши рингга кўтарилди. Дастлабки сониялардаёқ ҳар икки боксчи ҳам очиқ жангга ташланди ва айнан ўша "сола-сол" ичида Баҳодир реферини 3 бора ҳисобни очишга мажбур қилди.Шундан сўнг ҳакам баҳсни тўхтатди ва ғалаба ҳамюртимизга берилди. Техник нокаут ва Баҳодир Холиқулов кейинги босқичда!
-70 кг даги ҳамюртимиз Абдувоҳид Абдумажидов ва мўғулистонлик Батнаран Хадбаатар тўқнашуви ҳам якунланди. Кутилганидек, баҳс вакилимизнинг катта устунлигида кечди. Ҳар раундда Абдумажидов 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги босқич масаласини ҳал қилди!
-75 кг да иштирок этаётган Маруфжон Тошпўлатов ҳамда Филиппин вакили Жастин Жамес қарама-қаршилиги муддатдан аввал якунланди. Дастлабки раунддан сўнг баъзи ҳакамлар 10-9, баъзилари эса 10-8 ҳисобида боксчимизнинг устунлигини қайд этди. 2 раундга келиб, Тошпўлатов кетма-кет кучли зарбаларни йўллаб, техник нокаут эвазига рақибни мағлубиятга учратди!
+80 кг да вакилимиз Фарҳоджон Баҳодиров саралаш баҳсида қозоғистонлик Сабиржан Сағимга қарши кураш олиб борди. Осиё дербисида 1 раунддаёқ ҳамюртимиз ҳисобни очди - 5:0. 2 раундга келиб, кучлар бироз тенглашди, бироқ устунлик ҳамон боксчимиз тарафида эди – 3:2. Афсуски, ҳал қилувчи раундда барчаси ўзгариб кетди. Баҳодировнинг кутилмаганда, елкаси чиқиб кетди ва ҳакам баҳсни тўхтатди. Ғалаба эса Қозоғистон вакилига ёзилди.

Фикрлар