Янги бош мураббий Файзуллаевнинг илк ўйинини қандай баҳолади?
Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилаётган Олимпия ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этган Аббосбек Файзуллаев Росия Премьер-лигасида дастлабки иккита ва Россия кубогидаги битта учрашувни ўтказиб юборишига тўғри келганди.
20 ёшли ҳужумкор футболчимиз Париждан Москвага қайтганидан кейин қисқа фурсатди расмий учрашув ўтказишига тўғри келди.
ЦСКАни ёзда қабул қилиб олган сербиялик мутахассис Марко Николич бошчилигидаги мураббийлар штаби ўзбекистонлик легионерни учинчи турда “Оренбург” билан бўлган учрашувда бошланғич таркибга киритди.
Аббосбекнинг қадами қутлуғ келиб, “армиячилар” голлар шоусини намойиш этиб берди. ЦСКА ўз мухлислари кўз ўнгида 5:1 ҳисобида зафар қучди. Бир соатдан кўпроқ ҳаракат қилган Файзуллаев бу гал ҳам жуда фаол ўйнади.
Учрашувдан кейин Марко Николич журналистлар саволларига жавоб бериб, ўз жамоаси ўйинини баҳолади.
— Янги мавсумдаги биринчи уй учрашувида ғалаба қозонишимиз жуда муҳим эди. Учта турда 7 очко жамғардик, бу ёмон кўрсаткич эмас, лекин янада кўпроқ очко олиш мумкин эди. Кўп гол ура олдик. Олдинга интилишда давом этамиз. Бўлажак учрашув учун узоқ йўл босишимиз керак. Бугунги баҳсга жуда кўп томошабин келди.
— Олимпиададан кейин Аббосбек Файзуллаевнинг аҳволи қандай? У бугун жуда кўп ҳужум ташкил қилди, ҳамманинг эътиборини тортди...
— Бу саволга бир хил жавоб бераман: жамоавий ўйин. Бугун теннисчи Новак Жокович Олимпия ўйинларининг финалида ўйнади, мана шу индивидуал спорт, бизники эса, жамовий ўйин.
Бевосита Аббосга келсак, энди анча яхши кўриняпти, бир жуфт маш0улотда қатнаша олди. Унинг ҳолатидан қониқиш ҳосил қилдим.
— “Оренбург”нинг дастлабки ўйинлари, айниқса, “Спартак” устидан ғалаба қозонгани сизни ўйлантириб қўймадими?
— “Оренбург” — дастлабки икки турдан кейин рақиб дарвозасига берилган зарбалар бўйича биринчи ўринда турган жамоа эди. Улар кенг майдон бўйлаб ўйнашни яхши кўради, биз бугун ўйинни шахматчиларга хос тарзда ташкил этишимиз талаб қилинарди.
Биз уюшқоқ тарзда ҳаракат қилиш, тўпни ўз назоратимизда ушлаб туришга уриндик.
“Оренбург” — жуда ноқулай рақиб. Ўтказиб юборган голимизни ҳам рақиб майдондан марказидан тўпни ўйинга киритганидан кейин ўзимизга ўзимиз “олиб келдик”.
Голлардан кейин бўшашиб қолдик. Лекин 5:1 қониқарли натижа бўлиши керак.
ЦСКА учинчи турдан кейин етти очко билан учинчи ўринда бормоқда. “Армиячилар” ҳали очко йўқотмаган икки клуб – амалдаги чемпион “Зенит” ва Москванинг “Динамо” жамоаларидан орқада холос.
Аббосбек Файзуллаев клуби навбатдаги турни вице-чемпион “Краснодар” майдонида ўтказади. Тўртинчи турнинг марказий учрашувларидан бири сифатида эътироф этилаётган бу беллашув 10 августга белгиланган.
Фикрлар