Легионерларимиз “Зенит”нинг гегемонлигига барҳам бермоқчи!

Санкт-Петербургнинг “Зенит” жамоаси бугунги кунда Россиянинг энг бақувват, бадавлат ва қудратли клубига айланган. Питерликлар ўзининг қарийб бир асрлик тарихида ҳеч қачон ҳозиргидек кучли жамоа бўлмаган.

“Зенит” Россия Премьер-лигасининг ўн карра ғолиби ҳисобланади. Питерликлар кетма-кет олти йилдан бери чемпионлик унвонини ҳеч кимга бермай келяпти. Москванинг “Спартак”, “Локомотив”, “Динамо” ва ЦСКА каби таниқли жамоалари питерликларга етарли даражала қаршилик кўрсата олмаяпти.

Шу боис, ҳар йили мавсум бошланиши билан муддатидан олдин “Зенит”ни чемпионга чиқариш анъанага айланиб қолди.

“Зенит” янги чемпионатни ҳам зўр бошлади. Сергей Семак шогирдлари дастлабки учта учрашувда “Крилья Советов”, “Рубин”, “Ростов” жамоаларини йирик ҳисобларда таслим қилиб, ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб қолган ҳолда жами 13 та гол урди.

Шунга қарамай, “Рубин” жамоаси сафида ўйнаётган ҳамюртимиз Рустам Ашурматов журналистар билан суҳбатда питерликларни ҳозирданоқ чемпион сифатида тан олиш фикрига қўшилмаслигини, бу гал бошқа жамоалар етарли даражада қаршилик кўрсата олишини билдирди.

— Кейинги турда сизлар “Зенит”га 0:5 ҳисобида ютқазган “Ростов” билан ўйнайсизлар. Бир тур олдин ўзларинг 0:4 ҳисобида питерликлардан мағлуб бўлгандинлар. Шундай экан, Ростовдаги баҳсдан нима кутса бўлади?

— Биз барча учрашувларга бир хилда, жиддий эътибор билан тайёргарлик кўрамиз. Майдонда қўлимиздан келганини қиламиз, ғалаба учун борамиз.

— “Зенит” ҳозирдан чемпионми?

— Ҳеч қанақасига бундай эмас. Футболда ҳамма нарса тез ўзгаради. Биз ҳам, бошқа жамоалар ҳам охиригача курашади.

Эслатиб ўтамиз, Рустам Ашурматов “Бунёдкор” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Фаолиятининг бошида “Қўқон-1912” жамоасида ҳам тўп терган. 2019 йили истеъдодли ҳимоячи Жанубий Корея чемпионатига йўл олиб, уч йил давомида “Кванжу” ҳамда “Канвон” жамоаларида тўп тепди.

Юртимизга қайтиб бир йил “Навбаҳор”да ўйнаганидан кейин, 2023 йилнинг бошида “Рубин”га кўчиб ўтди ва жамоасининг биринчи лига ғолибига айланишига ёрдам берди.

28 ёшли ҳимоячи қозонликлар сафида ҳозирга қадар 27 та учрашувда иштирок этиб, ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари рақиблар дарвозасини уч маротаба ишғол ҳам қилган.

Шу ўринда, “Рубин” клуби ўз тарихида икки бор – 2008 ва 2009 йиллари Россия чемпионлигини қўлга киритганини эслатиб ўтиш лозим. Ўшанда жамоа таркибида ўзбекистонлик футболчилардан ҳимоячи Андрей Фёдоров ва ҳужумкор футболчи Вагиз Галиулин ҳам чемпионат олтин медаллари билан тақдирланган.

Бу йил Россия Премьер-лигасида жами тўрт нафар легионеримиз иштирок этмоқда. Рустам Ашурматов билан бирга Умарали Раҳмоналиев “Рубин” шарафини ҳимоя қиляпти.

Россиядаги иккинчи мавсумини бошлаган Аббосбек Файзуллаев ЦСКА етакчиси ҳисобланади. Жорий мавсумдан Шерзод Эсонов Премьер-лига дебютанти “Акрон” футболчисига айланди.  

 

Янги легионеримиздан нималар кутишяпти?

Файзуллаев хориждан яхши таклифлар олади, агар...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!