
"Янги мавсумда ажойиб кўринишдаги "Хоразм"ни кўрасизлар" ёхуд Санжар Шоаҳмедов нима учун бу жамоани танлади?
Суперлигага қайтишга муваффақ бўлган “Хоразм” ҳам Туркиянинг Анталия шаҳридаги ўқув-машғулот йиғинини давом эттиряпти.
Лигада муносиб иштирок этиш ҳамда таркибни кучайтириш учун тажрибали ўйинчилар билан шартномалар имзоланяпти. Уларнинг орасида 34 ёшли Санжар Шоаҳмедов бор.
Ўтган йили “Динамо” шарафини ҳимоя қилган футболчи янги мавсумда “Хоразм” либосида ўйинларни ўтказади.
Жамоа Анталиядаги йиғинини давом эттирмоқда ва Шоаҳмедов урганчликлар сафига ўтгани юзасидан Sports.uz журналистининг саволларига жавоб берди.
- “Хоразм” клубига ўтишингизда асосий ролни ким ўйнайди ва нима сабаб бўлди?
- “Хоразм”га ўтишимни сабабига келсак, жамоа Суперлигада иштирок этиши аниқ бўлгач, менга таклиф билан чиқишди, мураббийлар. Улар қўнғироқ қилишди. Барчасини келишиб олдик, ҳаммаси жойида бўлгани учун рози бўлдим.
- Билишимча, сизга “Бухоро”дан ҳам қизиқиш бор эди. Нега амалга ошмади?
- Ҳа, “Бухоро” клубидан таклиф бўлган, мени чақиришганди. Лекин тақдирим “Хоразм” билан ёзилган экан, шу жамоага ўтдим.
- “Хоразм” имтиёз туфайли Суперлигага чиқди. Янги мавсумда қандай “Хоразм”ни кўрамиз?
- Тўғри, имтиёз туфайли “Хоразм” Суперлигага чиқди. Худо хоҳласа, янги мавсумда яхши жамоа тузяпмиз ва ажойиб кўринишдаги “Хоразм” жамоасини кўрасизлар. Табиийки, биз ижобий натижалар кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
- Жамоанинг Анталиядаги йиғини қандай ўтяпти ва нимага эътибор қаратилмоқда?
- Албатта, айни пайтда Анталияда йиғин ўтказяпмиз. Тактик ва жисмоний ҳолатимизни янада яхшилаш устида ишлаяпмиз. Кунига икки маҳалдан машғулотлар ўтказяпмиз. Барча футболчилар машғулотларда бор кучи билан ишлашяпти.
- Ўртоқлик учрашувларида яхши савиядаги рақиблар билан ўйнаяпсизлар. Бундан қандай фойда оляпсизлар?
- Ўртоқлик учрашувларида чиндан яхши рақибларга қарши ўйнаяпмиз. Ҳаммаси ажойиб рақиблар. Бу фақат фойдага ишлайди. Қолаверса, ёшларимизга ҳам катта тажриба бўляпти.
- “Хоразм” илк турни “Шўртан”га қарши бошлайди. Нима деб ўйлайсиз, қуръа жамоа учун омадли келдими?
- Биринчи турни “Шўртан” билан ўтказамиз. Барибир ҳамма – 15 та жамоа билан ўйнаб чиқамиз. У жамоа бундай, униси, ундай, дейдиган вақт ҳам йўқ. Ҳозир ҳамма клублар кучайган. Кучсизлари йўқ. Барчаси яхши жамоалар. Худо хоҳласа, “Шўртан” билан яхши ўйин бўлади.
Фикрлар