Янги мураббийнинг дебюти, ютқазмаётган етакчилар, афишага муҳтож бўлмаган супер тўқнашувлар ёхуд Суперлиганинг 11-тури олдидан
Остонамизда Суперлиганинг 11-тур учрашувлари турибди. 14-17 июнь кунлари мухлисларни бир-биридан қизиқарли 7 та жуфтлик кутмоқда. Қуйида шу хусусида тўхталамиз.
14 июнь
20:00. “Металлург” – “Бунёдкор”
Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтадиган “Металлург” – “Бунёдкор” беллашуви олдидан шуни айтиш мумкинми? Ҳар иккала жамоани ютқазишга ҳаққи йўқ. Балки икки аутсайдер ўртасидаги жанг дея таърифласак ҳам бўлаверади. “Металлург” 5 очко билан сўнгги 14-ўринда, “Бунёдкор” эса 6 очко билан 13-поғонада. Биласиз, “Металлург” ҳали чемпионат бошланганидан бери ғалаба қозонгани йўқ. “Бунёдкор” бўлса фақат бир марта ютди. Биринчи даврани иложи борича яхши ҳолатда тугатишни исташаётган клубларни дуранг ҳам қаноатлантирмаслиги табиий.
15 июнь
20:00. “Нефтчи” – “Сурхон”
Чемпионлик учун курашаётган “Нефтчи”ни жиддий учрашув кутяпти. Ўз навбатида “Сурхон” учун ҳам шундай. Оғир баҳс бўлади. Агар ёпиқ ўйин бўладиган бўлса, катта эҳтимол ўйин тақдирини биргина гол ҳал қилиши ҳам мумкин. Меҳмонлар етакчиларга қарши қандай тўп суришни яхши билади. “Нефтчи” албатта, бу баҳсда имкониятлари юқорироқдек. Аммо бундан қандай фойдаланишига ҳам боғлиқ. Мабодо, “Сурхон” Фарғонадан очко олиб кетса, бундан сира ажабланмаймиз.
20:00. “Қизилқум” – “Андижон”
Қаршидаги “Марказий” стадионда “Қизилқум” “Андижон”ни қабул қилади. Иккала жамоанинг ғалабасига анча бўлиб қолди. Масалан, навоийликлар чемпионатни бирин-кетин иккита ғалаба билан бошлашган ва шундан буён улар рақибларини юта олмаяпти. Мавсумни ажойиб бошлаган “Андижон” эса охирги 5 та турдан бери муваффақиятга эриша олмаяпти. Бу ўйин жамоалар учун муҳим. Қолганини майдонда кўрамиз.
16 июнь
20:00. “Сўғдиёна” – “Насаф”
Турнир пешқадами бу турда Жиззахга сафар қилади. Рақобат кўрсатаётган “Сўғдиёна” “Насаф” қаршилигини енгишга уриниб кўради. Дарҳақиқат, ушбу тўқнашувга эътибор юқори. Биласиз, Рўзиқул Бердиев жамоаси чемпионатда ҳали мағлубиятга учрагани йўқ. Яқинда Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритган жамоани Жиззахда осон бўлмаган, мураккаб беллашув кутаётгани шубҳасиз. Иван Бошкович жамоаси “Насаф”га балки сюрприз тайёрлаётгандир. Ҳар ҳолда уларнинг сафидаги легионерлар мақтовларга сабаб бўляпти. “Насаф” эса доимгидек жамоавий кучли. Ҳозирча имкониятлар тенг.
20:00. “Пахтакор” – “Навбаҳор”
Турнинг марказий учрашуви. Намангандан кўплаб мухлислар келиши ва стадионда “Пахтакор”дан кўра, “Навбаҳор”нинг ишқибозлари кўпчиликни ташкил қилиши кутилаётган учрашув ҳеч кимни беэътибор қолдирмаса керак. Охирги пайтларда “Пахтакор” ёшлар билан ҳам ўз ўйинини топиб олаётгани эътиборга молик. Максим Шацких ва Самвел Бабаян номларининг ўзиёқ ортиқча афишаларга ҳожат қолдирмайди. “Навбаҳор” ҳам ҳали чемпионатда ютқазгани йўқ. Тўғри тактика, тўғри танлов ва пухта тайёргарлик кўп нарсани ҳал қилади.
17 июнь
20:00. “Локомотив” – “Динамо”
Яқинда “Локомотив”га россиялик Александр Крестинин янги бош мураббий этиб тайинланди. Ҳар қандай мутахассис дебютини ғалаба билан бошлаш иштиёқида бўлади. “Локо” раҳбарияти ҳам жамоада ижобий ўзгаришлар бўлишини истаётгани боис Крестининни олиб келдилар. Лекин унинг олдида жиддий имтиҳон турибди. Рақиби Вадим Абрамов ва унинг “Динамо”си. Жиддий ўйин. Самарқандликларнинг ўйини кўпчиликка манзур бўляпти. Қисқа вақт ичида “Локо” футболчилари янги мураббийнинг тушунча ва кўрсатмаларини қанчалик тўғри англаб, уни майдонда бажара олишаркин? Акс ҳолда “Динамо” айб ўтирмайди.
20:00. “Олимпик” – ОКМК
Бу ҳам яхши жуфтлик. Кападзе бошчилигидаги “Олимпик” Қосимов устозлик қилаётган ОКМКга қарши баҳс олиб боради. Ўзбекистон олимпиячиларининг катта қисмини ўзида жамлаган “Олимпик”дан ҳар нарсани кутса бўлади. ОКМК ҳам мавсум аввалига нисбатан ҳозирда анча ўйинини шакллантириб олган. Демак, майдонда қаттиқ жанг кечиши табиий. Натижасини ўйиндан сўнг билиб оламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар