Япон футболини ёқтириб қолган Достон Турсунов у ердан ҳали бери кетмоқчи эмас!
Японияда чемпионатида Фозил Мусаевдан ташқари яна бир ҳамюртимиз Достон Турсунов ҳам тўп сураётганидан хабарингиз бор. Япония биринчи дивизиони иштирокчиси «Ренофа Ямагучи» шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз қисқа фурсат ичида ўз жамоасининг асосий таркибидан муқим жой эгаллай олгани қувонарли, албатта. Эндиликда Достон Турсуновнинг ўзига бўлган ишончи анча ортди ва у легионер сифатида тўп сурган ҳолда зиммасидаги масъулиятни янада чуқурроқ ҳис қила бошлаяпти. Илк бор хорижда ўйнаётганига қарамасдан футболчи ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. Лекин янги мамлакатга тўлиқ мослашиб бўлдими? Кейинчалик фаолиятида ўзгариш қилиш нияти йўқми? Умуман олганда, Турсунов бир қатор масалаларда ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди.
Японияга қанчалик мослаша олди?
- Хабарингиз бор, Осиё Кубогидан кейин Японияга кетдим. Тўғриси, Япония чемпионати мен ўйлаганимдан ҳам кўра кучли экан. Япониянинг «Жей-2» лигасидаги кураш ва рақобат жуда юқори. Бу ерда 22 та жамоа иштирок этади. Шунинг учун ўйинлар кўп ва бу ҳолат футболчининг ўйин амалиёти учун ҳам ниҳоятда муҳим эканлигини унутмаслик керак. Чемпионатда 42 та ўйин бўлса, бундан ташқари яна Кубок доирасида бешта учрашув бўлади ва ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда 47 та ўйин бўлади. Демак, ўйинлар анча кўплигини билдиради. Бу эса албатта футболчилар учун ҳам айни муддаодир. Япония чемпионатига 70 фоизга мослашиб бўлдим. Тўғриси, бу ерда ҳаво анча иссиқ экан. Ёнимизда эса денгиз борлиги учун бироз дим. Шу томонлама менда бироз қийинчилик бўлди. Аммо футбол томонлама анча ўсиш бор деб ўйлайман.
Ҳамюртимизни у ерда нима ҳайратга соляпти?
- Рости, мени Японияда ҳайратга солган нарсалар унчалик кўзга ташланмади. Мен учун ҳаммаси оддий. Энг асосийси, Япония футболи менга ниҳоятда ёқди. Легионер сифатида бу ерда футболдан завқ олиб ўйнаяпман деб бемалол айта оламан.
Турсуновга алоҳида таржимон бириктирилган
- Бу ерда клуб томонидан менга алоҳида таржимон ажратилган. Қизиғи, у япониялик бўлса-да, ўзи ўзбек тилини билади. Чунки у Ўзбекистонда уч йил яшаган экан. Шу боис айни пайтда мен билан бирга таржимонлик қилиб юрибди. Албатта, Японияда яшаётганим сабабли ўзим ҳам маҳаллий тилни ўрганиб боришга ҳаракат қиляпман.
Олдинги ўйнаган жамоалари ва «Мистер» ҳақида
- Ҳа, мен «Нефтчи»да ҳам ўйнадим. Яширмайман, менинг кўтарилишимда «Нефтчи» жамоасининг ҳиссаси катта бўлган. У ерда ўйнаганимдан кейин «Қўқон-1912»га борганман. У ерда бир мавсум давомида деярли тўлиқ ўйнадим. Адашмасам, 28 та учрашувда майдонга тушдим. Албатта, бу жамоа ҳам менга катта ёрдам берди деб ўйлайман. Шундан кейин «Металлург»га бордим. Бемалол айтишим мумкинки, у ерда ҳам мен яхшигина ўсишга эришдим. Ўйлайманки, Бекобод жамоасида ёмон таассурот қолдирмадим. Ушбу ўзим ўйнаган клубларга шу фурсатдан фойдаланиб ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Олимпия терма жамоаси билан Осиё чемпионида қатнашганимиздан кейин фаолиятимда янада катта ўзгаришлар юз берди. Миллий терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер бизнинг Осиё чемпионатидаги ўйинларимизни диққат билан кузатган экан. Натижада мени ҳам Осиё Кубогига олиб кетди. «Мистер»дан жуда миннатдорман. Худо хоҳласа, унинг олдида ҳам юзим ёруғ бўлади деб умид қиламан.
Фозил Мусаев тўғрисида
- Албатта, Фозил Мусаев билан деярли ҳар куни гаплашиб тураман. Лекин у билан кўришиб туришимиз қийинроқ. Чунки у мендан анча узоқда туради. Аниқроғи, унинг олдига боришим учун 9 соат йўл босишим керак бўлади. Шу боис Мусаев билан бир ойда бир ёки икки марта кўришиб турамиз холос.
Ўйинларга самолётда бориб келишади
- Японияда футбол учун барча шарт-шароитлар тўлиқ даражада бор. Бундай имкониятлар японларнинг барча клубларида бор. Шу боис уларнинг исталган жамоасида ҳамма нарса муҳайё қилинган. Оддий ўйинларга ҳам самолётда бориб, самолётда қайтамиз. Бир тарафдан қараганда, у ердаги шароитларни кўриб қойил қолдим. Ҳамма жамоалар бир хил даражада ўз ишига профессионал ёндашишади.
Япониядаги юлдузлар хусусида
- Ҳа, бугунги кунда Япония футболига жаҳон тан олган юлдуз футболчилар келишяпти. Аммо ҳали уларнинг бирортасини кўрганим йўқ. Чунки бизда вақт жуда ҳам кам. Дам олишимиз учун бир кун вақт берилади холос. Унда ҳам машғулот ва ўйинларга тайёргарлик билан вақтимиз ўтиб кетади.
Япониядаги футбол даражаси тўғрисида
- Биласизми, мен бу ерда Япония чемпионатларидаги катта фарқни кўрмадим. Масалан, Жей-лигада эътибор, савия ва муҳит қандай бўлса, «Жей-2»да ҳам худди шундай. Катта эътибор берилади. Шунинг учун японларда ўсиш катта деб ҳисоблайман.
Қизиқ, Турсуновнинг у ердаги бир куни қандай ўтади?
- Айтишим мумкинки, у ердаги ҳар бир куним деярли бир хил ўтади. Машғулотимиз эрталаб 10 да бўлади ва бу икки соат давом этади. Шундан сўнг тушлик қиламиз. Агар хоҳловчилар бўлса, яна тушликдан кейин машғулот қилиши мумкин. Сўнг уйга кетамиз. Эртасига эса икки маҳал шуғулланамиз. Машғулотларимиз соат 10 да ва кундузи 3 да бўлади. Ҳар доим шунақа: бугун бир маҳал бўлса, эртасига икки маҳал шуғулланамиз
Яна қанча вақт қолмоқчи?
- Ямагучида яна икки йилча ўйнаш ниятим бор. Боя айтганимдек, Япония футболи менга жуда ёқди. Шу боис бу ерда яна кўпроқ ўйнашни истардим.
Фикрлар