
Яраланган шерлар учун "Машъал" қулай рақибми ёки...
27-29 март кунлари Суперлигада 3-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Барча иштирокчиларда учтадан ўйин бор деб ўйлаяпсизми? Унда эмас. Ёдингизда бўлса, 1-турдан ўрин олган “Пахтакор” – “Машъал” қарама-қаршилиги мезбонларнинг ОЧЛдаги иштироки туфайли қолдирилганди. 2 апрель куни айнан ушбу ўйин ўтказилади.
Табиийки, бошқалардан фарқли ўлароқ, иккала иштирокчи ҳисобида иккитадан ўйин бор. Кутилмаган жиҳати, “Пахтакор” клуби учун чемпионат омадсиз бошланди. 2-турда Олмалиқда ОКМКга 2:0 ҳисобида ютқазган, “Шерлар” 29 март куни Жар стадионида “Динамо”ни қабул қилди ва 0:1 натижасида енгилиб, яна мухлисларини хафа қилди. Португалиялик янги мураббий бошчилигидаги “Пахтакор”дан бундай стартни ким ҳам ўйлабди дейсиз?! Айниқса, яқинда ОЧЛ доирасида Тошкентда Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубига қарши баҳсда “Пахтакор”нинг кўрсатган ўйини барчада илиқ таассурот қолдирган бўлиб, жамоанинг характери ва кучига юқори баҳо берилгани рост эди. Яна Арвеладзе давридаги “Пахтакор” қайтаётгани ҳақида гапирила бошланганди. Лекин бу гаплар Суперлигада ўз тасдиғини топмаяпти.
“Шерлар” ҳозир яраланган ҳолатда турибди. 2 апрель куни “Машъал”га қарши ўтадиган учрашувда, балки кўпчилик ана энди “Пахтакор” бор аламини муборакликлардан олади ва илк ғалабасини қўлга киритади, деган тахминларга боришаётгандир (айниқса, “Пахтакор” ишқибозлари). Лекин “Шерлар” руҳий тушкунликдан қутулиб кета олармикин? Ҳозирги пайтда ҳар бир рақибга ҳурмат билан қараш керак, ҳамма футбол ўйнашни билади.
“Машъал” “Динамо”га қарши чемпионатдаги биринчи ўйинида ягона гол эвазига мағлуб бўлди. Лекин ўтган турда Асрор Алиқулов жамоаси Жиззахда “Сўғдиёна”ни 1:0 ҳисобида таслим қилишнинг уддасидан чиқди. “Машъал” кичик сенсация кўрсатди. Албатта, 2 апрель санасидаги беллашувда ном ва таркиб жиҳатдан фаворит “Пахтакор” ҳисобланади. Лекин боя айтганимиздек, клуб руҳий тушкунликдан қанчалик халос бўла оларкин?
Асосий гап шундаки, “Пахтакор” ютиши шарт ва мажбур. Ҳатто дуранг ҳам уларга ёқмайди. “Машъал” бу баҳсда ютқазадиган бўлса, бизнингча уларни айтарли ҳеч ким койиб урушмайди. Чунки рақиб “Пахтакор”. Бу билан нима демоқчимиз? “Машъал” майдонда эркин, ортиқча босимсиз ўйнайди. “Пахтакор” иккита учрашувда ҳам ўз ўйинини кўрсата олмади. Уларга нимадир етишмаётгани аниқ. Алиқулов жамоаси биринчи навбатда мудофаа чизиғини мустаҳкамлаб қарши ҳужумларда омадини излаб кўришини тахмин қила оламиз.
Шундай экан, 2 апрель куни 19:30 да бошланадиган ўйин учун интрига етарли даражада ва уни кузатиш анча қизиқарли. “Машъал” яна сюрприз кўрсатадими ёки “Пахтакор” омадсизликларига бўлажак беллашувда барҳам берадими?
Comments