Яхшибоев Польшада юлдузга айлана оладими?

Кўпчилик Жасур Яхшибоевни ўтган йили таний бошлади. “Пахтакор” асосий таркибига кира олмаган футболчи Суперлигада ижарада ўйнагандан, ўзбек футбол мухлислари эътиборидан анча четда бўлган Беларусь чемпионатига ўтишни маъқул кўрди.

Охир-оқибат, бу тўғри қарор бўлиб чиқди. Жасур бир йил ичида икки клуб – “Энергетик—БГУ” ва “Шахтёр” жамоалари шарафини ҳимоя қилди. Солигорскликлар таркибида Беларусь чемпиони бўлди. Мусобақа тўпурарлари баҳсида иккинчи ўринни эгаллади. 16 та гол ва олтита голли пас билан чемпионатнинг энг фойдали ўйинчиси, деб эътироф этилди.

111_dynamo.kiev.ua_3

Энг муҳими эса, Жасур Яхшибоев ўзининг яхши футболчи эканини кўрсатди, европалик мутахассислар ва мухлислар эътиборини қозонди, ўзбек футболини маълум маънода реклама қила олди. Янги мавсумда “Шахтёр” Яхшибоев ўрнини яна бир ҳамюртимиз Шаҳзод Убайдуллаев била тўлдиргани ҳам бежиз эмас, албатта. Қолаверса, Жасурни Беларусга боришига сабабчи бўлган Шаҳбоз Умаров ҳам фаолиятини ушбу мамлакатнинг энг қудратли жамоаларидан ҳисобланган БАТЭда давом эттиради.

Жасур Яхшибоев бир неча клуб эътиборида турганига қарамай, Польшанинг “Легия” жамоаси билан шартнома имзолашга қарор қилди. Бу жамоа мамлакатнинг амалдаги чемпиони ва сўнгги йиллардаги энг қудратли клуби ҳисобланади.

Маълумотларга қараганда, Жасур Яхшибоев “Легия” билан 2023 йилнинг ёзигача шартнома имзолаган. Польша клуби ўзбекистонлик футболчи учун 300 минг евро сарфлагани ҳақида хабарлар тарқатилди.Transfermarkt портали Яхшибоевнинг трансферини 750 мингга баҳоламоқда. Жасур Польша чемпионатида ҳам ўзи учун қадрли 7-рақамда тўп тепади.

Безымянный

- Ўтган йили Беларусь чемпионатида ҳужумчи сифатида ўйнадим. Ҳужумда ўзимни жуда яхши ҳис қиламан. Ҳужумкор футболни хуш кўраман. “Легия” Европа Чемпионлар лигасида ўйнаганини, жамоанинг мухлислари ажойиб ва талабчанлигини, ички муҳит аъло даражада эканини яхши биламан, - деди Жасур Яхшибоев.

Шу ўринда, Жасур Яхшибоев танлаган “Легия” жамоаси ҳақида маълумот беришга қарор қилдик. Бу Польшанинг энг қадимий клубларидан биридир. Клуб Биринчи жаҳон уруши вақтида, яъни 1916 йилнинг март ойида Польша легионлари бошқарув штаби ҳузурида ташкил этилган.        Асосан ҳарбий хизматчилардан тузилган таркиб бир йилдан сўнг, маҳаллий жамоалар билан футбол учрашувларида иштирок эта бошлаган.

“Легия” ташкил этилганидан бери турли сабаблар туфайли унинг фаолиятида бир неча бор тўхталишлар юзага келган, жамоа номи ҳам кўп марта ўзгартирилган. Жамоанинг ҳозирги номи 1957 йилнинг 2 июлида қайтарилди.

“Легия” ўтган асрнинг бошида ташкил этилганига қарамай, дастлабки чемпионлик унвонини қўлга киритиш учун узоқ йиллар керак бўлди. Бу клуб вакиллари 1955 йилга келибгина миллий чемпионат ғолибига айланди. Унгача варшаваликлар илк совринига 1928 йилда эришган бўлиб, ўшанда “Легия” чемпионатда учинчи ўринни эгаллаган ва бронза медалга лойиқ кўрилганди.

Жасур Яхшибоевнинг янги жамоаси умумий ҳисобда 14 маротаба мамлакат чемпиони бўлган. 13 марта кумуш ва 14 бор бронза медалга эга чиққан.  “Легия” ҳозирга пайтда Польшанинг энг қудратли клуби ҳисобланади. Варшаваликлар сўнгги ўн йилда олти марта чемпионлик унвонига сазовор бўлди.

Шунингдек, “Легия” Польша кубоги финалида 25 марта ўйнаган ва шулардан 19 тасида бош совринни ўзиники қилган. Польша лигаси кубогини  бир марта, мамлакат Суперкубогини тўрт бор олган.

“Легия” ҳисобидаги жами совринлар сони 37 тани ташкил қилмоқда.

forum-0429823167

Бу йилги чемпионатда “Легия” 16 та учрашувдан сўнг, 32 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Польша Экстраклассасида пешқадамлик қилаётган “Погонь” жамоаси ҳисобида битта кўп ўйин ва 35 очко бор. Жамоанинг чехиялик легионери  Томаш Пекхарт 14 та гол билан тўпурарлар баҳсида етакчилик қилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!