Яхшибоевни ўйнатмаган бош мураббий ишдан олинди
Польшанинг амалдаги чемпиони – “Легия” расмий сайти орқали жамоа бош мураббийи Чеслав Михневич истеъфога чиқарилгани ҳақида хабар тарқатди.
Маълумотларга қараганда, бош мураббий билан бирга унинг ёрдамчи Камил Потрикус ҳам ишдан кетган.
Клуб раҳбарияти хайрлашишдан олдин Чеслав Михневичга 2020-2021 йилги мавсум Польша чемпионлиги ва жамоани Европа Лигаси гуруҳ босқичига олиб чиққани учун миннатдорлик ҳам билдирган.
“Легия” ўзбекистонлик футбол мухлисларига Жасур Яхшибоев орқали яхши таниш. Ўтган йили “Шахтёр Солигорск” таркибида Беларусь чемпионлигига сазовор бўлган ҳужумкор футболчимиз жорий йилнинг бошида Польша чемпиони таркибига қўшилган эди. Жасур янги жамоаси билан уч йиллик битим тузгани хабар қилинган.
Польша чемпионига устозлик қилган Чеслав Михневич бир неча бор матбуотда Жасур Яхшибоевни мақтаган бўлса-да, амалда унга умуман имконият бермади. Аввалига ўзбек футболчиси жароҳатидан қутилиши кераклигини, кейинроқ, кучлироқ бўлган янги лигага мослашиш учун вақт талаб этилиши айтилди.
Беларусь олий лигасида ўйнаган даврида жами 16 та гол ва олтита голли пас муаллифи бўлган ва чемпионатнинг энг фойдали футболчиси, деб эътироф этилган ҳамюртимиз “Легия”га ўтганидан кейин Польша яшил майдонларида бир неча дақиқа кўриниш берди холос.
Ўйин амалиётисиз қолаётган Жасур Яхшибоев ёзда жамоасини алмаштиришга рози бўлди. Уни тарихда биринчи марта УЕФА Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига йўлланма олган Молдова чемпиони – “Шериф” ўз таркибига қўшиб олди. Тирасполликлар устози Юрий Вернидуб ўзбек футболчисини Беларусь чемпионати орқали яхши билишини ва у “кўҳна қитъа”нинг энг нуфузли мусобақаси олдидан жамоани сезиларли даражада кучайтиришини таъкидлади.
Жасур Яхшибоев “Шериф” сафида Молдова чемпионатида иккита учрашувда майдонга тушди ва битта гол уришга эришди. Ҳамюртимизнинг асосий муваффақияти эса Чемпионлар лигасида юз берди.
“Шериф” легионеримиз ёрдамида биринчи турда Украинанинг “Шахтёр” жамоасини 2:0 ҳисобида доғда қолдирди. Иккинчи турда машҳур “Сантьяго Бернабеу” аренасида “Реал”ни 2:1 ҳисобида таслим қилди. Учрашувдаги биринчи голни Жасур Яхшибоев уриб, анча шов-шувларга сабаб бўлди.
Афсуски, Мадриддаги ўйинда ҳамюртимиз шикастланди ва ҳали ҳамон жароҳатини даволаш билан банд. Жасур жароҳат туфайли Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Иорданияда ташкил қилинган ўқув-машғулот йиғинларида қатнаша олмади.
Яхшибоев мавсум охиригача “Шериф”да ўйнашига келишилган. Ҳужумчимиз ижара муддати якунланиши билан Польшага қайтади. Ҳозир “Легия”нинг ўзи ёрдамга мухтож. Амалдаги чемпиони жорий мавсумда ўта учрашувда тўққиз очко жамғарган ҳолда мусобақа жадвалида 10 ўринда бормоқда.
Чеслав Михневичнинг ишдан олинишига айнан ички чемпионатдаги қониқарсиз вазият сабаб бўлгани айтилмоқда. Клуб раҳбарияти қарорига кўра, энди “Легия”ни иккинчи таркибни шуғуллантириб келаётган маҳаллий мутахассис Марек Голембевски бошқаради.
Ким билади дейсиз, балки бу мураббий ёки ёзда унинг ўрнига келадиган янги мутахассис мавсум охирида “Легия”га қайтадиган Жасур Яхшибоевга яхшироқ эътибор қаратар. Зеро, “Реал”дек жамоага Мадридда гол уриш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
Фикрлар